41-ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуъли бўлса, Аллоҳ у банданинг даражасини кўтаради», дедилар.

Имом Муслим ривоятлар.

Шарҳ: Мол‑мулкдан қилинган садақа камайиб қолмайди, балки у кўпайиб боради. Пайғамбар алайҳиссалом Билол ибн Рабоҳни мулкидан инфоқ қилишга чақирганларида мўминлар бунга гувоҳ бўлганлар. Шунингдек, жазолашга қодир бўлатуриб, кечириб юборган одамнинг иззат‑ ҳурмати ошади. Ким Аллоҳ учун тавозуълик қилса яъни, ўзини камтар тутса, паст олса, Аллоҳ унинг азизлигини зиёда қилади. Ҳадисларда пайғамбар алайҳиссалом тавозуълик бўлишга ва мўминларга ҳокисорлик билан муомала қилишга чақирганлар. Аслида мусулмоннинг биродарига нисбатан тавозуъли бўлиш кучсизлик ва хорлик белгиси эмас, балки у айни иззат ва шарафдир.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Пайғамбар фазилатли амалларни бажаришга тарғиб қилганлар.
  2. Садақа мол‑дунёни камайтирмайди, балки кўпайтиради, баракаси ортишига сабаб бўлади.
  3. Мусулмон одам молидан садақа беради, у камбағалликдан қўрқмайди.
  4. Мусулмон одам жазолашга, қасд олишга қурби етса ҳам одамларнинг айбини кечириб юборади.
  5. Мусулмон киши одамларга тавозуълик қилиб, ҳокисор бўлса, Аллоҳ ундай кимсанинг қадрини одамлар наздида юксак қилиб қўяди.

 41 - وعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا نَقَصَتْ صَدَقَةٌ مِنْ مَالٍ، وَمَا زَادَ اللهُ عَبْدًا بِعَفْوٍ إِلاَّ عِزًّا، وَمَا تَوَاضَعَ أَحَدٌ للهِ إِلاَّ رَفَعَهُ اللهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш