56-ҳадис

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ипак кийманглар. Кимки уни дунё ҳаётида кийса, охиратда кия олмайди», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ислом ўғил болаларни қиз болалардан фарқланиб, ҳақиқий эркак бўлиб вояга етишлари учун  тарбиялашга ундайди. Эркаклар табиатлари ва хилқатларидаги дағаллик сабаб аёллардан ажралиб туришади. Эркакларга майин ипак кийишдан қайтарилишининг сабабларидан бириайнан шудир. Ипак эркакларни асл табиатларидаги дағалликни аёлларга хос бўлган мулойимликка мойил қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ва аёлларнинг одатлари бир‑бирига аралашиб кетишидан ман қилганлар. Аввалига кийим-кечакда ўхшашлик билан бошланиб, бора-бора юриш‑туриш, хулқ ва одатларга ҳам кўчиб ўтади. Ҳозирда аёлларга ўхшаш эркаклар кўпайиб кетишининг бош сабабларидан бири ҳам шу.  Ислом айнан мана шу ҳолатдан огоҳлантиради, олдини олишга, муолажа қилишга чақиради ва ман этади.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Бу ердаги қайтариқ таҳримий (ҳаром баробаридаги)дир, танзиҳий (ҳалолга яқин) эмас.
  2. Ислом эркаклардан ўз табиатларига мос либос кийишга чақиради.
  3. Ислом аёллар учун ипакни ҳалол қилган. Чунки ипак майин бўлгани учун аёлларнинг латофати ва мулойимлигига муносиб либосдир.
  4. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига зид иш тутса, охиратда жаннат аҳлига хос шойи-ипакларни кийишдан маҳрум бўлади. Чунки улар жаннат аҳлининг либосидир.

56 - عَنْ عُمَرَ بْنِ الخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لاَ تَلْبَسُوا الْحَرِيرَ ، فَإنَّ مَنْ لَبِسَهُ فِي الدُّنْيَا لَمْ يَلْبَسْهُ فِي الآخِرَةِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш