57-ҳадис

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси ётоқларига ётсалар, қўлларини чаккалари остига қўйиб «Аллоҳумма бисмика амуту ва аҳйа», деб айтардилар.

(Маъноси: Аллоҳим, Сенинг исминг билан тириламан ва ўламан.)

Уйғонганларида: «Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйана баъда маа аматана ва илайҳин нушур», деб айтар эдилар.

(Маъноси: Бизни ўлдиргандан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва қайтиш Унгадир.)

Имом Бухорий ривоятлари.

Шарҳ: Уйқуни  “кичик ўлим” деб ҳам таърифлашади. Инсон уйқудалик пайтида ташқи оламдан узилиб, ундаги ҳаётий ҳаракати деярли тўхтайди. Уйқу- Аллоҳ таоло бандасини қабзасида ушлаб туришидир. Мусулмон киши уйқуга Аллоҳнинг исмини зикр қилиб ётади. Шу амали билан мўмин  уйғоқлигида каби уйқусини ҳам ибодатга айлантиради.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши барча ишларини Аллоҳнинг исми билан амалга оширади.
  2. Уйқуни “кичик ўлим” деб таърифланади. Чунки ухлаётган одам дунёдан узилиб, руҳи вақтинча ушлаб турилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда: "Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса, уйқуси вақтида олур", (Зумар сураси, 42‑оят) деб айтган.
  3. Ўлим ва ҳаёт Аллоҳнинг изни билан бўлишини мусулмон шахс эътироф қилади.
  4. Ухлашда ўнг томонга ёнбошлаб ётиш Набавий суннатлардандир.

57 – وَعَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَخَذَ مَضْجَعَهُ مِنَ اللَّيْلِ وَضَعَ يَدَهُ تَحْتَ خَدِّهِ، ثُمَّ يَقُولُ: «اللَّهُمَّ بِاسْمِكَ أمُوتُ وَأَحْيَا».

وَإِذَا اسْتيْقَظَ قَالَ: «الحَمْدُ للَّهِ الَّذي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيهِ النُّشُورُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш