84-ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирингиз ухлаганда шайтон унинг гарданига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни тугаркан, (уни маҳкамлаб) «Сен учун тун ҳали узун, ухлайвердейди. Агар уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Намоз ўқиса, яна бир тугун ечилиб, тетик, руҳи пок бўлади. Акс ҳолда руҳи чиркин, дангаса бўлиб ўрнидан туради», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Мўъмин билан шайтон орасидаги кураш ҳеч қачон тугамайди. У душман бандани нотўғри йўлга солмагунича тинчимайди. Лекин мухлис бандалар устида  унда ҳукмронлик йўқдир. У ҳатто уйқу пайтида ҳам бандани тарк қилмайди. Мана Расулуллоҳ с.а.в.нинг сўзларига қулоқ солинг: “Бирингиз ухлаганда шайтон унинг гарданига васваса қилиб учта тугун тугади ва тунинг жуда узун, уйғонишинг, намоз ва ибодатга машғул бўлмаслигинг керак....., деб айтади. Агар банда уйқусидан уйғониб, Пайғамбарининг кўрсатмаларига амал қилса, ундаги бир тугун ечилади. Агар Аллоҳ номи билан паноҳ тилаб, тўшагидан турса ва таҳорат олса, иккинчи тугун ечилади. Энди ечилмаган учинчи тугун қолди. Агар банда Роббиси ҳузурида туриб, такбир айтса ва намозга киришса, учинчи тугун ҳам ечилади. Унинг ризқи ва молида барака берилади. У шу билан шайтонни мағлуб қилади. Аммо Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига амал қилмасдан юқоридаги нарсани аксини бажарса, ўзини нохуш ҳис қилади, ишида дангасаликка йўл қўяди.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Шайтон инсонни пистирмада туриб зиён қилиш учун доим фурсат кутади.
  2. Шайтон ҳар куни одамларни адаштиришдан эринмайди, тўхтамайди.
  3. Шайтонинг тугунини ечишда зикр, таҳорат ва намознинг ўрни бемислдир.
  4. Шайтоннинг тугунидан халос бўлган кимса руҳида ва жисмида енгилликни ҳис қилади.

84 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَعْقِدُ الشَّيْطَانُ عَلَى قَافِيَةِ رَأْسِ أَحَدِكُمْ، إِذَا هُوَ نَامَ ثَلاَثَ عُقدٍ، يَضْرِبُ عَلَى كُلِّ عُقْدَةٍ: عَلَيْكَ لَيْلٌ طَوِيلٌ فَارْقُدْ، فَإِنْ اسْتَيْقَظَ، فَذَكَرَ اللهَ تَعَالَى انْحَلَّتْ عُقْدَةٌ، فَإِنْ تَوَضَّأَ انْحَلَّتْ عُقْدَةٌ، فَإِنْ صَلَّى انْحَلَّتْ عُقَدُهُ كُلُّهَا، فأَصْبَحَ نَشِيطًا طَيِّبَ النَّفْسِ، وَإِلاَّ أَصْبَحَ خَبِيثَ النَّفْسِ كَسْلاَنَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

قَافِيَةُ الرَّأْسِ: آخِرُهُ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш