97-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Қачон муаззиннинг азон айтаётганини эшитсанглар, у айтганидек айтинглар. Сўнгра менга саловот йўлланглар. Ким менга битта саловот айтса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади. Кейин менга Аллоҳдан василани сўранглар. У жаннатдаги бир макондир. У макон Аллоҳнинг бандаларидан биттасига насиб этади. Ўша банда мен бўлишимга умид қиламан. Ким менга васила сўраса, унга шафоатим насиб этади», деганларини эшитдим.

Имом Муслим ривоятлари.

Шарҳ: Намозни эълон қилиш азон айтиш орқали амалга оширилади. Азон қалбни шод этиб, нафс унинг сўзларига мойил бўлиб, Роббиси ҳузурида турганидан қалблар ўзини бахтиёр ҳис қилади. Такбир, шаҳодат ва таҳлил калималарни ўзида мужассам қилган азон садоси янграганида, унга қалбдан қулоқ тутиш лозим. Балки, мусулмон киши муаззин айтган нарсаларни унга жўр бўлиб қайтариб туради. Азон калималари қалбидан жой олгач қалбида ибодат ва муҳаббатга мойиллик туйғуси шаклланади. Азон айтиб бўлингач Роббимиз буюрганидек Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади. Бандани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтган битта салавотига Аллоҳ ўнта салавот билан мукофотлашини Пайғамбаримиз баён қилганлар. Кейин Аллоҳдан василани сўрайди. Васила жаннатдаги бир даража бўлиб, Пайғамбар уни ўзлари учун бўлишини умид қилганлар. Ким Пайғамбар алайҳиссаломга у зот севган ва умид қилган нарсаларини сўраса, у киши учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатлари насиб қилади. Ундан ташқари Қиёмат куни у нарса раҳмат ва гуноҳларига мағфират бўлади.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши азонни эшитганида қайтариб туради ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни тақдирлаган ҳолда салавот айтади.
  2. Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан салавот айтилса, унинг муқобилида Аллоҳнинг салавотига ноил бўлади.
  3. Азонни қайтариб туриш билан мусулмон киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатларини қўлга киритади.
  4. Мусулмон киши Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан айтиладиган салавотни қадрлайди.

97 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِذَا سَمِعْتُمُ النِّدَاءَ فَقُولُوا مِثْلَ مَا يَقُولُ، ثُمَّ صَلُّوا عَلَيَّ، فَإِنَّهُ مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلاَةً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ بِهَا عَشْرًا، ثُمَّ سَلُوا اللهَ لِي الْوَسِيلَةَ، فَإِنَّهَا مَنْزِلَةٌ فِي الجَنَّةِ لاَ تَنْبَغِي إِلاَّ لِعَبْدٍ مِنْ عِبَادِ اللهِ وَأَرْجُو أَنْ أَكُونَ أَنَا هُوَ، فَمَنْ سَأَلَ لِيَ الْوَسِيلَةَ حَلَّتْ لَهُ الشَّفَاعَةُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш