372.614 Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитганида: «Аллоҳумма! Робба ҳазиҳид-даъватит-таамма, вассолатил қоима, ати Муҳаммаданил-васийлата вал-фазила. Вабъасҳу мақомам маҳмуданиллази ваъадта», деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади», дедилар».
Изоҳ: Ушбу азон дуосининг маъноси қуйидагича: «Аллоҳим, эй ушбу тугал азоннинг ва тўкис намознинг Робби! Муҳаммадга васила* ва фазилат* бергин ҳамда уни Ўзинг ваъда қилган «Мақоми маҳмуд»да* тирилтиргин».
* Васила – жаннатдаги ягона мақом бўлиб, унга инсониятдан фақат бир киши эришади. Ўша мақомни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун сўраш умматларнинг бурчидир. Зеро, васила башарият саййидига берилмаса, кимга ҳам бериларди.
* Фазилат – бошқалардан афзал бўлиш. Баъзилар ушбу дуодаги «фазила» сўзини жаннатдаги бир мақом ҳам дейишган.
* «Мақоми маҳмуд» – «мақталган мақом» Аллоҳ таолонинг «Шоядки, Роббинг сени мақоми маҳмудда тирилтирса» деган ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган буюк шафоат мақомидир.
372/614 - عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ الله عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ النِّدَاءَ: اللَّهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ، وَالصَّلَاةِ الْقَائِمَةِ، آتِ مُحَمَّدًا الْوَسِيلَةَ وَالْفَضِيلَةَ، وَابْعَثْهُ مَقَامًا مَحْمُودًا الَّذِي وَعَدْتَهُ، حَلَّتْ لَهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ».