424А 745. Ибн Абу Марям сўзлаб берди:
«Бизга Нофеъ ибн Умар хабар қилди: «Менга Ибн Абу Мулайка Асмо бинт Абу Бакрдан ривоят қилиб, ушбуни сўзлаб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кусуф* намозини ўқидилар: қиём қилдилар, қиёмда узоқ турдилар, кейин рукуъ қилдилар, рукуъда ҳам узоқ турдилар. Кейин туриб, қиёмда узоқ турдилар. Кейин рукуъ қилдилар, рукуъда ҳам узоқ турдилар. Сўнгра (бошларини) кўтардилар. Кейин сажда қилиб, саждада узоқ турдилар. Сўнгра (бошларини) кўтардилар. Кейин сажда қилдилар, саждада ҳам узоқ турдилар. Кейин турдилар, қиёмда узоқ турдилар. Кейин рукуъ қилдилар, рукуъда ҳам узоқ турдилар. Сўнгра (бошларини) кўтардилар ва қиёмда узоқ турдилар. Кейин рукуъ қилдилар, рукуъда ҳам узоқ турдилар. Кейин (бошларини) кўтардилар. Кейин сажда қилдилар, саждада узоқ турдилар. Сўнгра (бошларини) кўтардилар. Кейин сажда қилдилар, саждада ҳам узоқ турдилар ва (намоздан) чиқдилар.
Кейин дедилар: «Дарҳақиқат, (ҳозир) менга жаннат шу қадар яқин келдики, журъат қилганимда, унинг меваларидан бир бошини сизларга келтирар эдим. Дўзах ҳам менга яқин келди, ҳатто мен: «Эй Роббим! Мен ҳам улар билан биргаманми?» дедим. Қарасам, бир аёлни мушук тирнаётган экан. – Нофеъ айтади: «Менимча, Ибн Абу Мулайка шундай деб айтди»* – «Бунга нима бўлган?» дедим. Улар (азоб фаришталари): «У мушукни очликдан ўлгунича қамаб қўйиб, таом ҳам бермаган, ўзи (топиб) ейиши учун қўйиб ҳам юбормаган эди», дейишди».
Нофеъ айтади: «Менимча, Ибн Абу Мулайка: «ҳашаротдан» ёки «ер ҳашаротларидан (ўзи еб юришига қўйиб юбормаган)», деди».
* Кусуф – қуёш тутилиши. Кусуф намози – қуёш тутилганда ўқиладиган намоз.
* Ушбу киритма гап Нофеъ ибн Умарга тегишли. У бу ерда ўз устози Ибн Абу Мулайка «тирнаётган экан» деганми ёки бошқа сўз айтганми, деб иккиланмоқда.
424/745 – عَنْ أسْمَاءَ بِنْتِ أبِي بَكْرٍ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، حَدِيثُ الكُسُوفِ، وَقَدْ تَقَدَّمَ.
424أ/745 – وَفِي هَذِهِ الرِّوَايَةِ قَالَتْ: قَالَ: «قَدْ دَنَتْ مِنِّي الْجَنَّةُ، حَتَّى لَوِ اجْتَرَأْتُ عَلَيْهَا، لَجِئْتُكُمْ بِقِطَافٍ مِنْ قِطَافِهَا، وَدَنَتْ مِنِّي النَّارُ حَتَّى قُلْتُ: أَيْ رَبِّ، أوَأَنَا مَعَهُمْ؟ فَإِذَا امْرَأَةٌ - حَسِبْتُ أَنَّهُ قَالَ - تَخْدِشُهَا هِرَّةٌ، قُلْتُ: مَا شَأْنُ هَذِهِ؟ قَالُوا: حَبَسَتْهَا حَتَّى مَاتَتْ جُوعًا، لَا أَطْعَمَتْهَا، وَلَا أَرْسَلَتْهَا تَأْكُلُ مِنْ خَشِيشِ أوْ خَشَاشِ الأَرْضِ».