438-ҳадис

438.773 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Укоз бозорига бориш учун йўлга чиқдилар. Ўша пайтда шайтонлар билан осмон хабари ораси тўсилиб, уларга учқун отилаётган эди. Шайтонлар ўз қавмларининг олдига қайтиб келишганда, (қавмлари:) «Сизларга нима бўлди?» дейишди. Улар: «Биз билан осмон хабари ораси тўсилиб, бизларга учқун отилди», дейишди. Улар: «Сизлар билан осмон хабари орасини фақат янги рўй берган ҳодиса тўсиши мумкин. Энди Ернинг машриғию мағрибини кезиб, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган нарса нима эканини қараб кўринглар» дейишди.

Тиҳома* томонга йўлга чиққан(жин)лар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолишди, у зот ўз асҳоблари билан Укоз бозорига кетаётиб, Нахлада* улар билан бомдод намозини ўқиётган эдилар. Қуръонни эшитганда унга қулоқ тутишди ва: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган мана шудир», дейишди. Ўша ёқдан қавмларига қайтиб бориб: «Эй қавмимиз, биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, биз унга иймон келтирдик ва Роббимизга ҳеч кимни шерик қилмасмиз», дейишди. Шунда Аллоҳ Ўз Набийи соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Айт, менга ваҳий қилиндики...»* оятини нозил қилди. У зотга жинларнинг айнан ўша сўзлари ваҳий қилинган эди».

* Тиҳома – Арабистон ярим оролининг Қизил денгизга туташ жойлари шундай номланади. Тиҳома денгиз соҳили бўйлаб Янбуъдан Нажронгача чўзилган текисликлардан иборат.

* Нахла – Макка билан Тоиф ўртасидаги жой номи.

* «Айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта, жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик».

438/773 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: انْطَلَقَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم فِي طَائِفَةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ، عَامِدِينَ إِلَى سُوقِ عُكَاظٍ، وَقَدْ حِيلَ بَيْنَ الشَّيَاطِينِ وَبَيْنَ خَبَرِ السَّمَاءِ، وَأُرْسِلَتْ عَلَيْهِمُ الشُّهُبُ، فَرَجَعَتِ الشَّيَاطِينُ إِلَى قَوْمِهِمْ، فَقَالُوا: مَا لَكُمْ؟ فَقَالُوا: حِيلَ بَيْنَنَا وَبَيْنَ خَبَرِ السَّمَاءِ، وَأُرْسِلَتْ عَلَيْنَا الشُّهُبُ! قَالُوا: مَا حَالَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ خَبَرِ السَّمَاءِ إِلَّا شَيْءٌ حَدَث، فَاضْرِبُوا مَشَارِقَ الْأَرْضِ وَمَغَارِبَهَا، فَانْظُرُوا مَا هَذَا الَّذِي حَالَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ خَبَرِ السَّمَاءِ. فَانْصَرَفَ أُولَئِكَ الَّذِينَ تَوَجَّهُوا نَحْوَ تِـهَامَةَ، إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَهْوَ بِنَخْلَةَ، عَامِدِينَ إِلَى سُوقِ عُكَاظٍ، وَهْوَ يُصَلِّي بِأَصْحَابِهِ صَلَاةَ الْفَجْرِ، فَلَمَّا سَـمِعُوا الْقُرْآنَ اسْتَمَعُوا لَهُ، فَقَالُوا: هَذَا وَاللهِ الَّذِي حَالَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ خَبَرِ السَّمَاءِ، فَهُنَالِكَ حِينَ رَجَعُوا إِلَى قَوْمِهِمْ، وَقَالُوا: يَا قَوْمَنَا: (إِنَّا سَـمِعْنَا قُرْآنًا عَجَبًا * يَهْدِي إلَى الرُّشْدِ فَآمَنَّا بِهِ، وَلَنْ نُشْرِكَ بِرَبِّنَا أَحَدًا)، [الـجن: 1-2]. فَأَنْزَلَ اللهُ عَلَى نَبِيِّهِ صلى الله عليه وسلم (قُلْ أُوحِيَ إِلَيَّ) [الـجن: 1]. وَإِنّـَمَا أُوحِيَ إِلَيْهِ قَوْلُ الْجِنِّ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш