463-ҳадис

463.828 Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилинади:

«У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир гуруҳ саҳобалари билан ўтирганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини зикр қилдик. Шунда Абу Ҳумайд Соъидий: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши эслаб қолганингизман. У зотни кўрганманки, такбир айтганларида икки қўлларини икки елкалари баробарига кўтарар эдилар. Рукуъ қилганларида икки қўлларини икки тиззаларига жойлаштирар эдилар. Сўнгра белларини текис қилиб букардилар. Бошларини кўтарганларида барча умуртқа суяклари жой-жойига қайтгунича тўғриланар эдилар. Сажда қилганларида икки қўлларини тўшамасдан, йиғиб ҳам олмасдан ерга қўяр эдилар. Оёқ бармоқларининг учларини қиблага қаратар эдилар. Иккинчи ракатда ўтирсалар, чап оёқларининг устига ўтириб, ўнг оёқларини тик қилардилар. Охирги ракатда ўтирсалар, чап оёқларини олдинга қилиб, иккинчисини тик қилиб, мақъадларига ўтирар эдилар», деди».

Изоҳ: Ҳанафий мазҳаби уламолари Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаъдада ўтиришлари ҳақида айтган: «Чап оёқларини тўшаб, устига ўтирар эдилар. Ўнгини тик қилиб, бармоқ учларини қиблага қаратар эдилар» деган сифатни олишган («Ҳидоя», «Насбур-роя»).

* Мақъад – орқа тараф, думба.

463/828 – عَنْ أبِي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: أَنَا كُنْتُ أَحْفَظَكُمْ لِصَلَاةِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، رَأَيْتُهُ إِذَا كَبَّرَ جَعَلَ يَدَيْهِ حِذَاءَ مَنْكِبَيْهِ، وَإِذَا رَكَعَ أَمْكَنَ يَدَيْهِ مِنْ رُكْبَتَيْهِ، ثُمَّ هَصَرَ ظَهْرَهُ، فَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ اسْتَوَى، حَتَّى يَعُودَ كُلُّ فَقَارٍ مَكَانَهُ، فَإِذَا سَجَدَ وَضَعَ يَدَيْهِ غَيْرَ مُفْتَرِشٍ وَلَا قَابِضِهِمَا، وَاسْتَقْبَلَ بِأَطْرَافِ أَصَابِعِ رِجْلَيْهِ الْقِبْلَةَ، فَإِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَتَيْنِ جَلَسَ عَلَى رِجْلِهِ الْيُسْرَى، وَنَصَبَ الْيُمْنَى، وَإِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَةِ الْآخِرَةِ، قَدَّمَ رِجْلَهُ الْيُسْرَى، وَنَصَبَ الْأُخْرَى، وَقَعَدَ عَلَى مَقْعَدَتِهِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш