504.917 Абу Ҳозим ибн Динор бундай сўзлаб берди:
«Бир гуруҳ кишилар Саҳл ибн Саъд Соъидийнинг ҳузурига келишди. Улар минбарнинг ёғочи нимадан бўлгани ҳақида тортишиб қолишган эди, ундан шу ҳақда сўрашди. Шунда у деди: «Аллоҳга қасамки, албатта, мен унинг нимадан бўлганини биламан. Ҳақиқатан, мен уни илк бор қўйилган кунида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга биринчи маротаба ўтирган кунда ҳам кўрганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалонага – Саҳл исмини айтган аёлга – «Дурадгор ғуломингга буюр, одамларга сўзлаганимда ўтиришим учун ёғочдан бирор нарса ясаб берсин», деб одам юбордилар. У унга буюрган эди, Ғобадаги* юлғун дарахтидан уни ясади-да, сўнг олиб келди. (Аёл) уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жўнатди. У зот уни анави ерга қўйишни буюрдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унинг устида намоз ўқиганларини ва унинг устида туриб такбир айтганларини, кейин унинг устида турган ҳолда рукуъ қилганларини, сўнгра тушиб, ортларига тисарилиб, минбар тагига сажда қилиб, сўнг ўринларига қайтганларини кўрганман. Фориғ бўлгач, одамларга юзланиб: «Эй одамлар! Бу ишни менга эргашишингиз ва менинг намозимни ўрганишингиз учунгина қилдим», дедилар».
* Ғоба – луғатда асли «дарахтзор», «ўрмон» деган маънони билдириб, бу ерда Мадинадан тўққиз мил узоқликда, Шом йўлида жойлашган ўрмон кўзда тутилган.
504/917 – حَدِيثُ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ، فِي أمْرِ الـمِنْبَرِ؛ تَقَدَّم، وذِكْرُ صَلاتِهِ عَلَيْهِ وَرُجُوعِهِ القَهْقَرِى، وَزَادَ في هَذِهِ الرِّوَايَةِ: فَلَمَّا فَرَغَ أقْبَلَ عَلَى النَّاسِ فَقَالَ: «أَيُّهَا النَّاسُ، إِنـَّمَا صَنَعْتُ هَذَا لِتَأْتَـمُّوا وَلِتَعَلَّمُوا صَلَاتِي».