541-ҳадис

541.1007. Масруқдан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳнинг ҳузурида эдик, у киши шундай деб айтиб берди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг (Исломдан) юз ўгирганларини кўргач: «Аллоҳим! (Уларга) Юсуфнинг еттиси (қаҳатчилик йиллари) каби етти (йил юбор)», дедилар. Шунда уларни қаҳатчилик тутиб, ҳамма нарсани қуритиб битирди, ҳатто улар тери, ўлимтик ва ўлаксаларни ҳам ейишди. Уларнинг бирортаси осмонга қараса, очликдан тутун кўрар эди. Шунда Абу Суфён келиб: «Эй Муҳаммад! Албатта, сен Аллоҳга итоат этишга, силаи раҳм қилишга буюрасан, қавминг эса ҳалок бўлди, улар учун Аллоҳга дуо қил», деди. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, осмон аниқ тутунни келтирадиган Кунни кут. У одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир. «Роббимиз! Биздан азобни кушойиш қил! Албатта, биз иймон келтирувчидирмиз». Уларга қаёқдан ҳам эслатма бўлсин?! Ҳолбуки, уларга очиқ-ойдин Расул келган эди. Сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: «Бу ўргатилган мажнун», дедилар. Албатта, Биз азобни бир оз кушойиш қилувчимиз. Албатта, сизлар қайтувчисизлар. Катта ушлаш ила ушлаган Кунимиз албатта, Биз интиқом олувчимиз».

«Ушлаш» Бадр кунида бўлди. Дарҳақиқат, «тутун» ҳам, «ушлаш» ҳам, «лизом» ҳам, Рум оятлари ҳам бўлиб ўтди».

Изоҳ: Бир гуруҳ уламолар: «Бу тутун воқеъликда бўлиб ўтган. Мушриклар Набий алайҳиссаломга осий бўлганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Музар(қабиласи)га босимингни шиддатли қил, уларга Юсуфнинг йилларидек (қаҳатчилик) йилларини юбор», деб дуо қилдилар. Шунда улар очарчиликка йўлиқиб, ўлимтикларни ҳам едилар. Кейин уларни қуюқ тутун ўраб олди, одамлар бир-бирларининг овозларини эшитишарди-ю, лекин кўришмас эди. Ушбу оятдаги «тутун»дан мурод ана ўша тутундир», деганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу сўзининг давомида мазкур оятдаги айрим сўзларни изоҳлаш билан бирга, бошқа оятлардаги мавзуга доир маълум калималарнинг мазмуни ҳақида ҳам тўхталмоқда. Жумладан, «“Ушлаш” Бадр кунида бўлди» деганда оятдаги «ушлаш» сўзини Бадрда мушрикларнинг мусулмонлардан мағлуб бўлиб, катталарининг ҳалок бўлиши билан изоҳламоқда. «Лизом» Фурқон сурасининг охирги оятидаги калима бўлиб, «муқаррар азоб», «давомий азоб» деган маъноларни билдиради. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу азоб ҳам мушрикларнинг бошига тушганини айтмоқда. «Рум оятлари»дан мурод Рум сурасининг аввалги оятларида берилган башоратдир. Унда Рум бир неча йилдан сўнг ғолиб бўлиши айтилган эди. Буюк саҳобий «Қуръоннинг бу хабари ҳам ўз вақтида содир бўлди», демоқчи.

541/1007 – عَنْ عَبْدِ الله بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: إِنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم لَمَّا رَأَى مِنَ النَّاسِ إِدْبَارًا، قَالَ: «اللَّهُمَّ سَبْعٌ كَسَبْعِ يُوسُفَ». فَأَخَذَتْهُمْ سَنَةٌ حَصَّتْ كُلَّ شَيْءٍ، حَتَّى أَكَلُوا الْجُلُودَ وَالْمَيْتَةَ وَالْجِيَفَ، وَيَنْظُرَ أَحَدُهُمْ إِلَى السَّمَاءِ فَيَرَى الدُّخَانَ مِنَ الْجُوعِ. فَأَتَاهُ أَبُو سُفْيَانَ فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، إِنَّكَ تَأْمُرُ بِطَاعَةِ اللهِ وَبِصِلَةِ الرَّحِمِ، وَإِنَّ قَوْمَكَ قَدْ هَلَكُوا، فَادْعُ اللهَ لَهُمْ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: (فَارْتَقِبْ يَوْمَ تَأْتِي السَّمَاءُ بِدُخَانٍ مُبِينٍ)  إِلَى قَوْلِهِ: (عَائِدُونَ (15) يَوْمَ نَبْطِشُ الْبَطْشَةَ الْكُبْرَى) [الدخان: 10-16].  فَالْبَطْشَةُ يَوْمَ بَدْرٍ، وَقَدْ مَضَتِ الدُّخَانُ، وَالْبَطْشَةُ وَاللِّزَامُ وَآيَةُ الرُّومِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш