544.1013. Шарик ибн Абдуллоҳ ибн Абу Намирнинг сўзлаб беришича, у Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг шундай деяётганини эшитган экан:
«Жума куни бир киши минбарнинг тўғрисидаги эшикдан кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб хутба қилаётган эдилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўпараларида туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Чорвалар ҳалок бўлди, йўллар кесилиб қолди. Аллоҳга дуо қилинг, бизга ёмғир ёғдирсин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб: «Аллоҳим, бизни сероб қил! Аллоҳим, бизни сероб қил! Аллоҳим, бизни сероб қил!» дедилар.
Аллоҳга қасамки, осмонда ҳеч нарсани – на тўп булутни, на тарқоқ булутни кўрмаётган эдик. Биз билан Салънинг* оралиғида на бирор уй, на ҳовли бор эди. Бир пайт унинг ортидан қалқонсимон бир булут кўринди. У осмоннинг ўртасига келганда ёйилди, сўнг ёмғир ёғди. Сўнг ёмғир ёғди. Аллоҳга қасамки, олти (кун) қуёшни кўрмадик. Кейинги жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб хутба қилаётганларида ҳалиги эшикдан бир киши кириб келиб, у зотнинг рўпараларига турди-да: «Эй Аллоҳнинг Расули! Чорвалар ҳалок бўлди, йўллар кесилиб қолди. Аллоҳга дуо қилинг, уни биздан тўхтатсин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтардилар-да, сўнг: «Аллоҳим, устимизга эмас, атрофимизга! Аллоҳим! Қумтепаларга, тоғларга, чангалзорларга, қирларга, водийларга, яйловларга (ёғдир)!» дедилар. Ёмғир шу заҳоти тинди. Биз чиқиб, қуёшда юрдик».
Шарик айтади: «Анасдан: «У аввалги кишимиди?» деб сўрасам, «Билмайман», деди».
Изоҳ: Йўлларнинг кесилиб қолишига биринчи мартада қурғоқчилик туфайли йўлларда сув ва ўт-ўлан қолмай, уловда сафар қилиб бўлмай қолгани, иккинчи мартада эса жала оқибатида сув тошиб, йўлларнинг бузилиб кетгани сабаб бўлган.
* Салъ – Мадинаи Мунавварадаги машҳур тоғ, Масжиди Набавийнинг шарқий томонида, тақрибан 500 м. узоқликда жойлашган.
544/1013 - حَدِيثُ أنَسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ فِي الرَّجُلِ الَّذِي دَخَلَ الـمَسْجِدَ وَالنَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم قَائِمٌ يَـخْطُبُ، فَسَأَلَهُ الدُّعَاءَ بِالـغَيْثِ، تَكَرَّرَ كَثِيرًا، وَفِي هَذِهِ الرِّوَايَةِ: فَمَا رَأَيْنَا الشَّمْسَ سِتًّا، ثُمَّ دَخَلَ رَجُلٌ مِنْ ذَلِكَ الْبَابِ فِي الْجُمُعَةِ الْمُقْبِلَةِ وَرَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَائِمٌ يَخْطُبُ، فَاسْتَقْبَلَهُ قَائِمًا، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، هَلَكَتِ الْأَمْوَالُ، وَانْقَطَعَتِ السُّبُلُ، فَادْعُ اللهَ يـُمْسِكْهَا، قَالَ: فَرَفَعَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَدَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «اللَّهُمَّ حَوَالَيْنَا وَلَا عَلَيْنَا، اللَّهُمَّ عَلَى الْآكَامِ وَالْجِبَالِ، وَالْآجَامِ وَالظِّرَابِ، وَالْأَوْدِيَةِ وَمَنَابِتِ الشَّجَرِ». قَالَ: فَانْقَطَعَتْ، وَخَرَجْنَا نَـمْشِي فِي الشَّمْسِ.