545-ҳадис

545.1014 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши жума куни масжидга Дорул-қазо* томондаги эшикдан кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб хутба қилаётган эдилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўпараларига турди-да, кейин: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мол-ҳол ҳалок бўлди, йўллар кесилиб қолди. Аллоҳга дуо қилинг, бизга ёмғир юборсин!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтардилар-да, кейин: «Аллоҳим, бизга ёмғир юбор! Аллоҳим, бизга ёмғир юбор! Аллоҳим, бизга ёмғир юбор!» дедилар.

Аллоҳга қасамки, осмонда на тўп булут, на тарқоқ булут кўраётган эдик. Биз билан Салънинг оралиғида на бирорта уй, на ҳовли бор эди. Бир пайт унинг ортидан қалқонсимон бир булут кўринди. У осмоннинг ўртасига келганда ёйилди, сўнг ёмғир ёғди. Аллоҳга қасамки, олти (кун) қуёш кўрмадик. Кейинги жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб хутба қилаётганларида ўша эшикдан бир киши кириб келди-да, у зотнинг рўпараларига туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мол-ҳол ҳалок бўлди, йўллар тўсилди. Аллоҳга дуо қилинг, уни устимиздан кетказсин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтардилар-да, сўнг: «Аллоҳим, устимизга эмас, атрофимизга! Аллоҳим! Қумтепаларга, қирларга, водийларнинг ичига ва яйловларга (ёғдир) дедилар. Шунда (ёмғир) тинди, биз эса чиқиб, қуёшда юрдик.

(Ровийлардан бири) Шарик айтади: «Мен Анас ибн Моликдан: «У ўша биринчи кишимиди?» деб сўрадим. У: «Билмайман», деди».

* Дорул-қазо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳовлиси бўлиб, у кишининг қарзларини тўлаш учун сотиб юборилгани туфайли «Дорул қазои дайни Умар» (Умарнинг қарзи тўланган уй) деб аталган. Кейинчалик қисқартирилиб, шундай номланиб кетган.

Изоҳ: Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни ҳамда «Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади» оятларини далил қилиб, «Истисқо – ёмғир сўраш дуосидир. Унда жамоат билан намоз ўқилмайди, якка ҳолда намоз ўқиса бўлаверади», дейди. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо эса «Истисқода имом жамоат билан қироатни жаҳрий қилган ҳолда икки ракат намоз ўқийди», дейишади («Шарҳу Маонил Осор», «Ҳидоя»).

545/1014 – وَعَنْهُ رَضِيَ الله عَنْهُ فَرَفَعَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَدَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ أَغِثْنَا».

Улашиш
|
|
Нусха олиш