555-ҳадис

555.1044. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга намоз ўқиб бердилар. Қиёмга туриб, узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин қиёмга туриб, узоқ турдилар. Бу аввалги қиёмдан озроқ эди. Сўнгра рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Бу аввалги рукуъдан озроқ эди. Сўнгра сажда қилиб, саждада узоқ турдилар. Кейин иккинчи ракатда ҳам биринчисида қилганларидек қилдилар. Сўнг намозни тугатганларида қуёш очилиб бўлган эди. Шундан кейин одамларга хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг: «Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оят-аломатларидан иккитасидир. Улар бирор кишининг ўлими туфайли ҳам, ҳаёти туфайли ҳам тутилмайди. Қачон ана ўшани кўрсангиз, Аллоҳга дуо қилинг, такбир айтинг, намоз ўқинг ва садақа қилинг», дедилар. Сўнгра яна: «Эй Муҳаммад уммати! Аллоҳга қасамки, қули ёки чўриси зино қилса, Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч ким йўқ. Эй Муҳаммад уммати! Аллоҳга қасамки, агар мен билганни билганингизда эди, албатта, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз», дедилар».

Изоҳ: Ҳанафий мазҳабида кусуф намози бошқа икки ракатли намозлар каби ўқилади, фақат ҳар ракатида битта рукуъ қилиниб, сўнг иккита сажда қилинади. Ҳанафийлар бу масалага Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Шунда (у зот) икки ракат намоз ўқидилар», деб ривоят қилинган ҳадисни ҳамда Нуъмон ибн Башир, Абу Бакра ва Алий розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган шу маънони қувватловчи ҳадисларни далил қилиб олишган («Шарҳу Маонил Осор»).

555/1044 – وَفِي رِوَايَةٍ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ الله عَنْهَا قَالَتْ: خَسَفَتِ الشَّمْسُ فِي عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، فَصَلَّى رَسُولُ الله بِالنَّاسِ، فَقَامَ فَأَطَالَ الْقِيَامَ، ثُمَّ رَكَعَ فَأَطَالَ الرُّكُوعَ، ثُمَّ قَامَ فَأَطَالَ الْقِيَامَ وَهْوَ دُونَ الْقِيَامِ الْأَوَّلِ، ثُمَّ رَكَعَ فَأَطَالَ الرُّكُوعَ، وَهْوَ دُونَ الرُّكُوعِ الْأَوَّلِ، ثُمَّ سَجَدَ فَأَطَالَ السُّجُودَ، ثُمَّ فَعَلَ فِي الرَّكْعَةِ الثَّانِيَةِ مِثْلَ مَا فَعَلَ فِي الْأُولَى، ثُمَّ انْصَرَفَ وَقَدِ انْجَلَتِ الشَّمْسُ، فَخَطَبَ النَّاسَ، فَحَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ آيَتَانِ مِنْ آيَاتِ اللهِ، لَا يَنْخَسِفَانِ لِمَوْتِ أَحَدٍ وَلَا لِحَيَاتِهِ، فَإِذَا رَأَيْتُمْ ذَلِكَ فَادْعُوا اللهَ وَكَبِّرُوا وَصَلُّوا وَتَصَدَّقُوا». ثُمَّ قَالَ: «يَا أُمَّةَ مُحَمَّدٍ، وَاللهِ مَا مِنْ أَحَدٍ أَغْيَرُ مِنَ اللهِ أَنْ يَزْنِيَ عَبْدُهُ أَوْ تَزْنِيَ أَمَتُهُ، يَا أُمَّةَ مُحَمَّدٍ، وَاللهِ لَوْ تَعْلَمُونَ مَا أَعْلَمُ لَضَحِكْتُمْ قَلِيلًا وَلَبَكَيْتُمْ كَثِيرًا».

Улашиш
|
|
Нусха олиш