15.15 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз унга отасию боласидан ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча мўмин бўла олмас», дедилар».
Изоҳ: Бу ҳадислардаги «мўмин»дан мурод комил мўмин экани ҳақида Аҳли Сунна ва жамоа уламолари иттифоқ қилишган. Бу ҳақда «Умдатул Қорий»да шундай дейилади: «Бу жумбоққа жавоб қуйидагича бўлади: «Шориъ (Аллоҳ) каломида келган «иймон» лафзи «иймоннинг асли» маъносида келади. Бунда қуйидаги: «Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, Унга йўлиқишга ва элчиларига иймон келтиришинг, қайта тирилишга иймон келтиришингдир. Ислом эса Аллоҳга ибодат қилишинг, Унга ширк келтирмаслигинг, намозни тўкис адо этишинг, фарз закотни беришинг ва Рамазон рўзасини тутишингдир» ҳадиси мисол бўла олади ва иймонда амал бирга бўлиши эътиборга олинмайди». Демак, ҳадисда зикр қилинган сифатларга эга бўлмаган киши комил иймон эгаси эмас. Лекин иймоннинг юқоридаги турига – иймоннинг аслига кўра, бундай инсон мўмин ҳисобланади.
15/15 - عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، الـحَدِيثَ بِعَيْنِهِ، وَزَادَ فِي آخِرِهِ: "وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ".