586-ҳадис

586.1128. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар шуни қилса, уларга фарз бўлиб қолишидан қўрққанларидан ўзлари яхши кўрган бир амални ҳам тарк этардилар. (Масалан,) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чошгоҳ намозини асло ўқимаганлар, мен эса уни албатта ўқийман».

 

Изоҳ: Оиша розияллоҳу анҳо бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зуҳо намозини ўқиганларини шахсан ўзлари кўрмаганларини айтмоқчи, умуман ўқимаганларини эмас. Чунки имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зуҳо намозини сафардан қайтганда тўрт ракат ўқишларини, иккинчи ривоятда эса тўрт ракатни қўшимчаси билан ўқиганларини ривоят қилган. Қолаверса, мўминлар онаси Расул алайҳиссаломга хилоф қилиб, ўзича бидъат қилиши мутлақо мумкин эмас. Шу боис имом Байҳақий шундай деган: «Оиша розияллоҳу анҳонинг «кўрмадим» деган сўзини «бардавом ўқиганларини кўрмадим» деган маънода тушуниш керак, шунда «ўзим албатта ўқийман» деган сўзи «ўзим бардавом ўқийман» мазмунида айтилган бўлади». Бу маъноларни кейинги бобдаги ҳадис ҳам қувватлайди.

586/1128 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: إِنْ كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم لَيَدَعُ الْعَمَلَ وَهْوَ يُحِبُّ أَنْ يَعْمَلَ بِهِ، خَشْيَةَ أَنْ يَعْمَلَ بِهِ النَّاسُ فَيُفْرَضَ عَلَيْهِمْ، وَمَا سَبَّحَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم سُبْحَةَ الضُّحَى قَطُّ، وَإِنِّي لَأُسَبِّحُهَا.

Улашиш
|
|
Нусха олиш