644-ҳадис

644.1286, 1287, 1288. Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ибн Абу Мулайка айтади:

«Усмон розияллоҳу анҳунинг бир қизи Маккада вафот этди. Жанозасида қатнашгани бордик. Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳум ҳам келишди. Мен икковларининг ўртасида ўтирдим [ёки «икковларидан бирининг ёнига ўтирдим, сўнг иккинчиси келиб, ёнимга ўтирди», деган]. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Амр ибн Усмонга: «Йиғидан қайтармайсанми? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, маййит аҳлининг унга йиғлагани учун азобланади», деганлар-ку», деди.

Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Дарҳақиқат, Умар розияллоҳу анҳу бунинг (йиғининг) баъзисини айтар эди», деди. Кейин сўзида давом этиб, деди: «Умар розияллоҳу анҳу билан Маккадан йўлга чиқдик. Байдога* етиб келганимизда қарасак, самура* дарахтининг соясида бир карвон турибди. Умар: «Бориб қара-чи, анави карвон кимлар экан», деди. (Бориб) қарасам, Суҳайб экан. Умарга буни айтган эдим: «Уни менга чақир», деди. Суҳайбнинг ёнига қайтиб бориб: «Юр, мўминлар амирининг олдига бор», дедим. Кейинроқ, Умар жароҳатланганида Суҳайб: «Оҳ, биродарим-а! Оҳ, дўстим-а!» дея йиғлаб кириб келди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Суҳайб! Менга йиғлаяпсанми?! Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, маййит ўз аҳлининг унинг учун бўлган баъзи йиғиси туфайли азобланади», деганлар-ку», деди».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади:

«Умар розияллоҳу анҳу вафот этганида мен буни Оиша розияллоҳу анҳога айтдим. Шунда у киши: «Аллоҳ Умарни раҳмат қилсин. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ мўминни аҳли унинг учун йиғлагани туфайли азоблайди», деб айтмаганлар. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ кофирнинг аҳли унга йиғлагани учун, унинг азобини зиёда қилади», деганлар», деди ва: «Сизга Қуръон кифоя қилади: «Ҳеч бир юкли жон ўзганинг юкини кўтармас», деди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Аллоҳнинг Ўзи», деди».

Ибн Абу Мулайка: «Аллоҳга қасамки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бирор нарса демади», деди.

* Байдо – аслида чўл-биёбон дегани бўлиб, бу ерда Мадинадан Маккага юришда Зулҳулайфадан кейин келадиган маълум жой назарда тутилган.

* Самура – бутасимон дарахт, акас (акация) дарахтининг турларидан бири.

644/1287 - عَنْ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ الْمَيِّتَ يُعَذَّبُ بِبَعْضِ بُكَاءِ أَهْلِهِ عَلَيْهِ». فَبَلَغَ ذَلِكَ عَائِشَةَ رَضِيَ الله عَنْهَا بَعْدَ مَوْتِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُ، فَقَالَتْ: رَحِمَ اللهُ عُمَرَ، وَاللهِ مَا حَدَّثَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ اللهَ لَيُعَذِّبُ الْمُؤْمِنَ بِبُكَاءِ أَهْلِهِ عَلَيْهِ، وَلَكِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِنَّ اللهَ لَيَزِيدُ الْكَافِرَ عَذَابًا بِبُكَاءِ أَهْلِهِ عَلَيْهِ». وَقَالَتْ: حَسْبُكُمُ الْقُرْآنُ (وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى). [الأنعام: 164]

Улашиш
|
|
Нусха олиш