687-ҳадис

687.1386. Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлгач, бизга юзланиб: «Сизлардан ким бу кеча туш кўрди?» дер эдилар. Бирон киши кўрган бўлса, ҳикоя қилиб, Аллоҳ хоҳлаганича айтиб берар эди. Бир куни биздан: «Сизлардан бирон киши туш кўрдими?» деб сўрадилар. «Йўқ», дедик. У зот дедилар: «Лекин мен бу кеча икки киши олдимга келиб, қўлимдан тутиб, мени Муқаддас заминга олиб чиққанларини кўрдим. Қарасам, бир киши ўтирибди, яна бир киши қўлида темир илгак билан турибди. – Асҳобларимиздан бири Мусодан ривоят қилиб айтган.* – У илгакни лунжидан то гарданига етиб боргунча тиқар, сўнгра нариги лунжига ҳам худди шундай қилар, бу лунжи(нинг жароҳати) битгач, яна қайтиб худди шундай қилар эди. «Бу нима?» дедим. Иккаласи: «Юринг», дейишди.

Биз юриб, чалқанча ётган бир кишининг олдига етиб бордик. Унинг бошида бир киши ҳовучида тош билан ёки харсанг билан туриб, у билан унинг бошини ёрар эди. Ҳар урганида тош думалаб кетарди. У уни олгани юриб борар, бунинг олдига қайтгунича унинг боши(нинг жароҳати) битиб қолар эди. Унинг боши асл ҳолига қайтгач, олдига қайтиб келиб, уни яна урар эди. «Бу ким?» дедим. Иккаласи: «Юринг», дейишди.

Биз юриб, тандирга ўхшаш юқориси тор, пасти кенг чуқурнинг олдига бордик. Унинг тагига ўт ёқилар эди. У (олов) яқинлашса, улар (ичидаги одамлар) кўтарилар, ҳатто ундан чиқиб кетай дейишар, сўнганда эса унинг ичига қайтишар эди. Унда яланғоч эркак ва аёллар бор эди. «Булар ким?» дедим. Иккаласи: «Юринг», дейишди.

Биз юриб, қонли дарёнинг олдига келдик. Дарёнинг ўртасида бир киши турар, (қирғоқдаги) бир кишининг олдида эса тош турар эди. Дарёдаги киши олдинга юриб келар, энди чиқмоқчи бўлса, нариги киши унинг оғзига тош отиб, уни турган жойига қайтариб юборар эди. Ҳар сафар чиқаман деб келганида унинг оғзига тош отар ва у олдинги ҳолатига қайтиб кетар эди. «Бу нима?» дедим. Иккаласи: «Юринг», дейишди.

Биз юриб, ям-яшил боққа етиб келдик. Унда бир азим дарахт бўлиб, тагида бир қария ва болалар бор эди. Қарасам, дарахтнинг яқинида бир киши олов ёқиб турибди. Ҳалиги иккаласи мени дарахтга олиб чиқишди ва мени бир ҳовлига олиб киришди. Бундан чиройлисини кўрмаганман. Унинг ичида эркаклар, кексалар, йигитлар, аёллар ва болалар бор эди. Сўнгра иккаласи мени у ердан чиқариб, дарахтга олиб чиқишди-да, янада гўзалроқ ва афзалроқ бир ҳовлига олиб киришди. Унда ҳам кексалар ва йигитлар бор эди.

«Бу кеча мени сайр қилдирдинглар. Энди кўрган нарсаларим ҳақида хабар беринглар», дедим. Улар: «Сиз кўрган лунжи ёрилаётган (киши) каззобдир. У ёлғон сўзлайди ва (ёлғонини) ундан олиб, барча ўлкаларга етказиб борилади. Унга қиёмат кунигача (шундай) қилинади. Сиз кўрган боши ёрилаётган (киши) – Аллоҳ Қуръонни ўргатган, у эса тунда ундан ғофил бўлиб ухлаган, кундузи эса унга амал қилмаган кишидир. Унга қиёмат кунигача (шундай) қилинади. Чуқурда кўрганларингиз зинокорлардир. Дарёда кўрганингиз эса судхўрлар. Дарахтнинг тагида кўрган қариянгиз Иброҳим алайҳиссаломдир, атрофидаги болалар – инсонларнинг зурриётларидир. Олов ёқиб турган эса жаҳаннам қўриқчиси Моликдир. Сиз кирган биринчи уй барча мўминларнинг уйидир, мана бу уй эса шаҳидларнинг уйидир. Мен Жаброилман, бу эса Микоил. Энди бошингизни кўтаринг», дейишди. Бошимни кўтариб қарасам, тепамда худди булутга ўхшаган нарса турибди. «Ана шу сизнинг манзилингиз», дейишди. «Мени ўтказиб юборинглар, манзилимга кирай», дедим. «Сизнинг ҳали тугатмаган умрингиз қолган, тугатганингизда манзилингизга келасиз», дейишди».

* «Темир илгак» деган сўзни имом Бухорийнинг шогирдларидан бири у зотнинг шайхлари Мусо ибн Исмоилдан ривоят қилган.

687/1386 - عَنْ سَـمُرَةَ بْنِ جُنْدَبٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم إِذَا صَلَّى صَلَاةً أَقْبَلَ عَلَيْنَا بِوَجْهِهِ، فَقَالَ: «مَنْ رَأَى مِنْكُمُ اللَّيْلَةَ رُؤْيَا؟» قَالَ: فَإِنْ رَأَى أَحَدٌ قَصَّهَا، فَيَقُولُ: مَا شَاءَ اللهُ. فَسَأَلَنَا يَوْمًا فَقَالَ: «هَلْ رَأَى أَحَدٌ مِنْكُمْ رُؤْيَا؟» قُلْنَا: لَا، قَالَ: «لَكِنِّي رَأَيْتُ اللَّيْلَةَ رَجُلَيْنِ أَتَيَانِي فَأَخَذَا بِيَدِي، فَأَخْرَجَانِي إِلَى الْأَرْضِ الْمُقَدَّسَةِ، فَإِذَا رَجُلٌ جَالِسٌ، وَرَجُلٌ قَائِمٌ، بِيَدِهِ كَلُّوبٌ مِنْ حَدِيدٍ يُدْخِلُهُ فِي شِدْقِهِ حَتَّى يَبْلُغَ قَفَاهُ، ثُمَّ يَفْعَلُ بِشِدْقِهِ الْآخَرِ مِثْلَ ذَلِكَ، وَيَلْتَئِمُ شِدْقُهُ هَذَا، فَيَعُودُ فَيَصْنَعُ مِثْلَهُ، قُلْتُ: مَا هَذَا؟ قَالَا: انْطَلِقْ، فَانْطَلَقْنَا حَتَّى أَتَيْنَا عَلَى رَجُلٍ مُضْطَجِعٍ عَلَى قَفَاهُ، وَرَجُلٌ قَائِمٌ عَلَى رَأْسِهِ بِفِهْرٍ، أَوْ صَخْرَةٍ، فَيَشْدَخُ بِهِ رَأْسَهُ، فَإِذَا ضَرَبَهُ تَدَهْدَهَ الْحَجَرُ، فَانْطَلَقَ إِلَيْهِ لِيَأْخُذَهُ، فَلَا يَرْجِعُ إِلَى هَذَا حَتَّى يَلْتَئِمَ رَأْسُهُ، وَعَادَ رَأْسُهُ كَمَا هُوَ، فَعَادَ إِلَيْهِ فَضَرَبَهُ، قُلْتُ: مَنْ هَذَا؟ قَالَا: انْطَلِقْ، فَانْطَلَقْنَا إِلَى ثَقْبٍ مِثْلِ التَّنُّورِ، أَعْلَاهُ ضَيِّقٌ وَأَسْفَلُهُ وَاسِعٌ، يَتَوَقَّدُ تَحْتَهُ نَارًا، فَإِذَا اقْتَرَبَ ارْتَفَعُوا حَتَّى كَادَ أَنْ يَخْرُجُوا، فَإِذَا خَمَدَتْ رَجَعُوا فِيهَا، وَفِيهَا رِجَالٌ وَنِسَاءٌ عُرَاةٌ، فَقُلْتُ: مَنْ هَذَا؟ قَالَا: انْطَلِقْ، فَانْطَلَقْنَا حَتَّى أَتَيْنَا عَلَى نَهَرٍ مِنْ دَمٍ فِيهِ رَجُلٌ قَائِمٌ عَلَى وَسَطِ النَّهَرِ – قَالَ يَزِيد وَوَهْب بْنُ جُرَيْرٍ عَن جَرِير بْنِ حَازِم: وَعَلى شَطِّ النّهر - رَجُلٌ بَيْنَ يَدَيْهِ حِجَارَةٌ، فَأَقْبَلَ الرَّجُلُ الَّذِي فِي النَّهَرِ، فَإِذَا أَرَادَ أَنْ يَخْرُجَ رَمَى الرَّجُلُ بِحَجَرٍ فِي فِيهِ، فَرَدَّهُ حَيْثُ كَانَ، فَجَعَلَ كُلَّمَا جَاءَ لِيَخْرُجَ رَمَى فِي فِيهِ بِحَجَرٍ، فَيَرْجِعُ كَمَا كَانَ، فَقُلْتُ: مَا هَذَا؟ قَالَا: انْطَلِقْ، فَانْطَلَقْنَا، حَتَّى انْتَهَيْنَا إِلَى رَوْضَةٍ خَضْرَاءَ، فِيهَا شَجَرَةٌ عَظِيمَةٌ، وَفِي أَصْلِهَا شَيْخٌ وَصِبْيَانٌ، وَإِذَا رَجُلٌ قَرِيبٌ مِنَ الشَّجَرَةِ بَيْنَ يَدَيْهِ نَارٌ يُوقِدُهَا، فَصَعِدَا بِي فِي الشَّجَرَةِ، وَأَدْخَلَانِي دَارًا، لَمْ أَرَ قَطُّ أَحْسَنَ مِنْهَا، فِيهَا رِجَالٌ شُيُوخٌ، وَشَبَابٌ وَنِسَاءٌ وَصِبْيَانٌ، ثُمَّ أَخْرَجَانِي مِنْهَا، فَصَعِدَا بِي الشَّجَرَةَ، فَأَدْخَلَانِي دَارًا هِيَ أَحْسَنُ وَأَفْضَلُ مِنْهَا، فِيهَا شُيُوخٌ وَشَبَابٌ، قُلْتُ: طَوَّفْتُمَانِي اللَّيْلَةَ، فَأَخْبِرَانِي عَمَّا رَأَيْتُ، قَالَا: نَعَمْ، أَمَّا الَّذِي رَأَيْتَهُ يُشَقُّ شِدْقُهُ فَكَذَّابٌ، يُحَدِّثُ بِالْكَذْبَةِ، فَتُحْمَلُ عَنْهُ حَتَّى تَبْلُغَ الْآفَاقَ، فَيُصْنَعُ بِهِ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَالَّذِي رَأَيْتَهُ يُشْدَخُ رَأْسُهُ، فَرَجُلٌ عَلَّمَهُ اللهُ الْقُرْآنَ، فَنَامَ عَنْهُ بِاللَّيْلِ، وَلَمْ يَعْمَلْ فِيهِ بِالنَّهَارِ، يُفْعَلُ بِهِ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَالَّذِي رَأَيْتَهُ فِي الثَّقْبِ فَهُمُ الزُّنَاةُ، وَالَّذِي رَأَيْتَهُ فِي النَّهَرِ آكِلُو الرِّبَا، وَالشَّيْخُ فِي أَصْلِ الشَّجَرَةِ إِبْرَاهِيمُ عليه السلام، وَالصِّبْيَانُ حَوْلَهُ فَأَوْلَادُ النَّاسِ، وَالَّذِي يُوقِدُ النَّارَ مَالِكٌ خَازِنُ النَّارِ، وَالدَّارُ الْأُولَى الَّتِي دَخَلْتَ دَارُ عَامَّةِ الْمُؤْمِنِينَ، وَأَمَّا هَذِهِ الدَّارُ فَدَارُ الشُّهَدَاءِ، وَأَنَا جِبْرِيلُ، وَهَذَا مِيكَائِيلُ، فَارْفَعْ رَأْسَكَ، فَرَفَعْتُ رَأْسِي، فَإِذَا فَوْقِي مِثْلُ السَّحَابِقَالَا: ذَاكَ مَنْزِلُكَ، قُلْتُ: دَعَانِي أَدْخُلْ مَنْزِلِي، قَالَا: إِنَّهُ بَقِيَ لَكَ عُمْرٌ لَمْ تَسْتَكْمِلْهُ، فَلَوِ اسْتَكْمَلْتَ أَتَيْتَ مَنْزِلَكَ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш