690.1392. Амр ибн Маймун Авдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни кўрдим. У: «Эй Абдуллоҳ ибн Умар, мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳога бориб: «Умар ибн Хаттоб сизга салом айтади», дегин, кейин ундан икки соҳибим билан бирга дафн қилинишимни сўра», деди. Оиша: «Буни ўзим учун хоҳлаётган эдим, бугун эса, албатта, уни ўзимдан ортиқ кўряпман», деди. У келгач: «Сенда нима гап?» деди. У: «Сизга изн берди, эй мўминларнинг амири», деди. «Бирор нарса мен учун ўша жойдан муҳимроқ эмас эди. Қабз қилинсам, мени кўтариб олиб боринглар, сўнг салом беринглар. Кейин сен: «Умар ибн Хаттоб изн сўраяпти», дегин. Агар (Оиша) изн берса, мени дафн қилинглар. Бўлмаса, мени мусулмонларнинг қабристонига қайтаринглар.
Мен бу ишга (халифаликка) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлиб вафот этган мана бу кишилардан ҳақлироқ бирор кишини билмайман. Мендан кейин улар кимни халифа қилиб сайлашса, ўша халифадир. Унга қулоқ солинг ва итоат этинг», деб Усмон, Алий, Т-А-лҳа, Зубайр, Абдурраҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Абу Ваққосларнинг номларини айтди.
Унинг ҳузурига ансорлардан бир йигит кириб: «Эй мўминларнинг амири, Аллоҳнинг хушхабари ила хурсанд бўлинг. Сизнинг Исломда ўзингиз билган пешқадамлигингиз бор. Сўнгра халифа қилиб сайландингиз ва адолат қилдингиз. Буларнинг барчасидан кейин яна шаҳидлик!» деди». У киши: «Эй биродаримнинг ўғли, қанийди у (халифалик) мендан тўсилган бўлиб, зараримга ҳам, фойдамга ҳам бўлмаса! Ўзимдан кейинги халифага аввалги муҳожирларга яхшилик қилишни, уларнинг ҳақларини билишни ва уларнинг ҳурматларини муҳофаза этишни васият қиламан. Унга бу диёрда ва иймонда қарор тутган ансорларга яхшилик қилишни, яхшиликларини қабул қилиб, ёмонликларини афв этишни васият қиламан. Унга Аллоҳнинг зиммасидагилар ҳамда Унинг Расули зиммасидагилар (аҳли зиммалар) хусусида уларнинг аҳдларига вафо қилишни, уларни мудофаа этишни ва уларга тоқатларидан ортиқ нарсани юкламасликни васият қиламан», деди».
690/1392 - عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَهْوَ رَاضٍ عَنْ هَؤُلاء السِّتَّةِ، فَسَمَّى السِّتَّةَ، فَسَمَّى: عُثْمَانَ، وَعَلِيًّا، وَطَلْحَةَ، وَالزُّبَيْرَ، وَعَبْدَ الرَّحْمَنِ بْنَ عَوْفٍ، وَسَعْدَ بْنَ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ الله عَنْهُمْ