772.1545. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини тараб, мойлаб, изор ва ридоларини* кийганларидан кейин асҳоблари билан бирга Мадинадан йўлга чиқдилар. Баданга ранги чиқадиган, заъфарон билан бўялган кийимлардан бошқа ридо ва изор қилиб кийиладиган бирон нарсадан қайтармадилар. Зулҳулайфада тонг оттириб, уловларига миндилар. Байдога* чиққанларида у зот асҳоблари билан бирга талбия айтдилар ва баданаларига* илги осдилар. Ўшанда зулқаъданинг беш куни қолган эди. У зот Маккага зулҳижжадан тўрт кун ўтганда кириб бордилар. Кейин Байтни тавоф қилдилар, Сафо ва Марва орасида саъй қилдилар. Баданалари борлиги учун эҳромдан чиқмадилар, чунки уларга илги осган эдилар. Кейин Макканинг энг тепа жойига, Ҳажун* ёнига тушдилар. У зот ҳажга эҳром боғлаган эдилар. Каъбани тавоф қилганларидан кейин Арафотдан қайтгунларича унга яқин келмадилар. Асҳобларини Байтни ҳамда Сафо ва Марвани тавоф қилишга, сўнг сочларни қисқартириб, кейин эҳромдан чиқишга буюрдилар. Бу илги осилган баданаси бўлмаганлар учун бўлиб, улардан кимнинг ёнида аёли бўлса, унинг учун ҳалол бўлди. Шунингдек, хушбўйлик ва кийимлар ҳам».
* Изор – тананинг киндикдан пастини тўсиб турадиган эн (яхлит) матодан иборат кийим. У иссиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, баъзи араб ва Жануби-шарқий Осиё ўлкаларида ҳозирда ҳам кенг тарқалган. Уни эҳромнинг пастки қисмига ёки лунгига ўхшатиш мумкин. Ридо – тананинг тепа қисмига кийиладиган кийим. У яхлит бўлиши ҳам, тикилган бўлиши ҳам мумкин. У изорнинг муқобилидир. Ридо юпқа, бир қаватли чойшабсимон устки кийим бўлиши, енгли ҳам, енгсиз ҳам, калта енгли ҳам бўлиши мумкин.
* Байдонинг изоҳи 1286-ҳадисда.
* Бадана – ҳарамда қурбонликка аталган туя (ҳанафий мазҳабида бадана деганда қурбонликка аталган қорамол ҳам тушунилади). Бу сўзнинг луғавий маъноси «семиз», «жуссадор»дир. Араблар семирган, етилган туя ва молларни сўйиб ҳадий қилганлари учун бу қурбонликларини «бадана» деб номлашган. Аммо қурбонликка аталган қўй-эчкилар бадана дейилмайди.
* Ҳажун – Байтуллоҳдан тахминан бир ярим мил (2,772 км) узоқликдаги тепалик.
Изоҳ: Қурбонлик учун аталган туя, мол ва қўйларга уларнинг Аллоҳга аталганининг аломати сифатида бўйинларига латта, шиппак ёки шу каби нарсалар илиб қўйилган. Бундай белгилар «қалоид» дейилади. Шу боис, «илги осди» деганда «уни Аллоҳга атади» деган маъно тушунилади.
772/1545 - وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: انْطَلَقَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم مِنَ الْمَدِينَةِ، بَعْدَ مَا تَرَجَّلَ وَادَّهَنَ، وَلَبِسَ إِزَارَهُ وَرِدَاءَهُ، هُوَ وَأَصْحَابُهُ، فَلَمْ يَنْهَ عَنْ شَيْءٍ مِنَ الْأَرْدِيَةِ وَالْأُزْرِ تُلْبَسُ، إِلَّا الْمُزَعْفَرَةَ الَّتِي تَرْدَعُ عَلَى الْجِلْدِ، فَأَصْبَحَ بِذِي الْحُلَيْفَةِ، رَكِبَ رَاحِلَتَهُ، حَتَّى اسْتَوَى عَلَى الْبَيْدَاءِ أَهَلَّ هُوَ وَأَصْحَابُهُ، وَقَلَّدَ بَدَنَتَهُ، وَذَلِكَ لِخَمْسٍ بَقِينَ مِنْ ذِي الْقَعْدَةِ، فَقَدِمَ مَكَّةَ لِأَرْبَعِ لَيَالٍ خَلَوْنَ مِنْ ذِي الْحَجَّةِ، فَطَافَ بِالْبَيْتِ وَسَعَى بَيْنَ الصَّفَا وَالْمَرْوَةِ، وَلَمْ يَحِلَّ مِنْ أَجْلِ بُدْنِهِ، لِأَنَّهُ قَلَّدَهَا، ثُمَّ نَزَلَ بِأَعْلَى مَكَّةَ عِنْدَ الْحَجُونِ، وَهْوَ مُهِلٌّ بِالْحَجِّ، وَلَمْ يَقْرَبِ الْكَعْبَةَ بَعْدَ طَوَافِهِ بِهَا حَتَّى رَجَعَ مِنْ عَرَفَةَ، وَأَمَرَ أَصْحَابَهُ أَنْ يَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ وَبَيْنَ الصَّفَا وَالْمَرْوَةِ، ثُمَّ يُقَصِّرُوا مِنْ رُءُوسِهِمْ ثُمَّ يَحِلُّوا، وَذَلِكَ لِمَنْ لَمْ يَكُنْ مَعَهُ بَدَنَةٌ قَلَّدَهَا، وَمَنْ كَانَتْ مَعَهُ امْرَأَتُهُ فَهِيَ لَهُ حَلَالٌ، وَالطِّيبُ وَالثِّيَابُ.