778-ҳадис

778.1560. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж ойларида ҳаж кечалари ҳаж маконларига йўлга чиқдик. Сарифга* тушдик. Шунда у зот асҳобларининг олдига чиқиб: «Сизлардан кимда ҳадий бўлмасаю, умра қилишни истаса, қилсин. Кимда ҳадий бўлса, йўқ», дедилар. У зотнинг асҳобларидан уни (умрани) тутувчи ва тарк қилувчилар бўлди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳобларидан бир неча киши имкони борлардан бўлиб, уларда ҳадий бор эди, (ҳажни) умрага айлантира олмадилар.

Ҳузуримга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келганларида мен йиғлаётган эдим. У зот: «Ҳой, сен нимага йиғлаяпсан?» дедилар. «Саҳобаларингизга айтган сўзингизни эшитдим, умрадан тўсилиб қолибман», дедим. У зот: «Нима бўлди?» дедилар. «Намоз ўқимаяпман», дедим. У зот: «Бунинг зиёни йўқ. Сен ҳам Одамнинг қизларидан бирисан, холос. Аллоҳ уларга ёзганини сенга ҳам ёзган. Ҳажингда (бардавом) бўлавер, шояд, Аллоҳ сенга уни (умрани) насиб қилса», дедилар.

У зотнинг ҳажлари учун (йўлга) чиқдик. Ниҳоят, Минога етиб келганимизда пок бўлдим. Минодан чиқиб, Байтни ифоза тавофи* қилдим. Сўнгра у зот билан бирга охирги нафр куни* (Минодан) чиқдим. У зот бориб, Муҳассабга* тушдилар. Биз ҳам бирга тушдик. Шунда у зот Абдурраҳмон ибн Абу Бакрни чақириб: «Синглинг билан ҳарам ҳудудидан чиққин, у умра учун эҳром боғласин. Фориғ бўлганингиздан кейин мана шу ерга келинг. Ҳузуримга келгунингизча мен сизларни кутаман», дедилар.

Биз йўлга чиқдик. Ниҳоят, фориғ бўлиб, тавофни ҳам қилиб, саҳарда у зотнинг ҳузурларига етиб келдим. Шунда: «Фориғ бўлдингизми?» дедилар. «Ҳа», дедим. У зот саҳобаларига жўнашни эълон қилдилар. Одамлар кўчларини олиб, йўлга тушишди. У зот Мадинага қараб юрдилар».

* Сариф – Маккага энг яқин бир тепаликнинг номи.

* Ифоза – қайтиш, тарқаб кетиш, кўчиб кетиш маъноларини англатади. «Ифоза тавофи» деб зулҳижжa oйининг ўнинчи куни, яъни ҳaйит куни шaйтoнгa тoш oтиб, қуpбoнликни сўйиб, coчни oлдиpиб (ёки қиcқapтиpиб) бўлгaндaн cўнг Бaйтуллoҳни тaвoф қилишга айтилади. Бу «Зиёрат тавофи» деб ҳам аталади. Ифоза тавофи ҳажнинг рукнларидан бўлиб, уни қилмаган кишининг ҳажи инобатга ўтмайди. Ифоза тавофи уч кун ҳайит ичида адо этилиши шарт.

* Охирги нафр куни – зулҳижжа ойининг ўн учинчи куни. «Нафр куни» қайтиш куни демакдир. Ҳожилар шу кунлари Минодан Маккага қайтишади. Ўн иккинчи кун «биринчи нафр» дейилади.

* Муҳассаб – Макка ва Мино орасидаги кенг текислик. Бу сўз луғатда «майда тошлар тўпланган жой» деган маънони билдиради. Бу ерга сел сабабли майда тошлар йиғилиб қолгани учун шу номни олган. Абраҳа қавми шу жойда ҳалок бўлган.

 778/1560 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، حَدِيثُهَا فِي الـحَجِّ، قَدْ تَقَدَّمَ، قَالَتْ فِي هَذِهِ الرِّوَايَةِ: خَرَجْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي أَشْهُرِ الْحَجِّ، وَلَيَالِي الْحَجِّ، وَحُرُمِ الْحَجِّ، فَنَزَلْنَا بِسَرِفَ، قَالَتْ: فَخَرَجَ إِلَى أَصْحَابِهِ فَقَالَ: «مَنْ لَمْ يَكُنْ مِنْكُمْ مَعَهُ هَدْيٌ، فَأَحَبَّ أَنْ يَجْعَلَهَا عُمْرَةً فَلْيَفْعَلْ، وَمَنْ كَانَ مَعَهُ الْهَدْيُ فَلَا». قَالَتْ: فَالْآخِذُ بِـهَا وَالتَّارِكُ لَهَا مِنْ أَصْحَابِهِ، قَالَتْ: فَأَمَّا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَرِجَالٌ مِنْ أَصْحَابِهِ، فَكَانُوا أَهْلَ قُوَّةٍ، وَكَانَ مَعَهُمُ الْهَدْيُ، فَلَمْ يَقْدِرُوا عَلَى الْعُمْرَةِ، وَذَكَرَ بَاقِيَ الـحَدِيث.

Улашиш
|
|
Нусха олиш