779.1561. Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга фақат ҳажни кўзлаб йўлга чиққан эдик. (Маккага) кириб келгач, Байтни тавоф қилдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадий етаклаб келмаганларни эҳромдан чиқишга буюрдилар. Ким ҳадий етаклаб келмаган бўлса, эҳромдан чиқди. У зотнинг аёллари ҳам (ҳадий) етаклаб келишмаган эди, шунинг учун улар ҳам эҳромдан чиқишди.
Кейин мен ҳайз кўриб қолиб, Байтни тавоф қила олмадим. «Ҳасба» кечаси*: «Эй Аллоҳнинг Расули! Одамлар ҳаж ҳам, умра ҳам қилиб қайтсалар, мен фақат ҳаж қилиб қайтаманми?» дедим. У зот: «Маккага келган кечаларимизда тавоф қилмаганмидинг?» дедилар. «Йўқ», дедим. У зот: «Ундай бўлса, аканг билан Танъимга бориб, умрага эҳром боғла. Кейин сен билан фалон жойда учрашамиз», дедилар».
Сафийя розияллоҳу анҳо айтади: «Мен ҳам (ҳайзим сабабли) уларни ушлаб қоламан шекилли, деб ўйлардим». У зот: «Ақро-ҳалқо!* Қурбонлик куни тавоф қилмаганмидинг?» дедилар. Мен: «Йўқ, қилганман», дедим. У зот: «Ҳечқиси йўқ. Туриб, жўнайвер», дедилар».
Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан юқорилаб бораётиб, мен билан учрашдилар, мен эса у ерга тушиб келаётган эдим» [ёки «мен кўтарилиб бораётган эдим, у зот эса тушиб келаётган эдилар», деган].
* «Ҳасба кечаси» – Муҳассабда туналадиган кеча. Муҳассаб – Макка билан Мино орасидаги водийнинг номи бўлиб, ҳожилар ҳаж амалларини тугатиб, Минодан қайтишда ўша ерда тунаб қолганлар.
* «Ақро-ҳалқо!» («Ҳалқо-ақро!» шаклида ҳам келади) – бу ибора арабларда койиш маъносида ишлатиладиган сўзлардандир. «Ақро» – «бўғзидан сўйилгур» дегани, «ҳалқо» эса икки хил маънони билдиради: биринчиси «сочи қирилгур», иккинчиси «бўғзидан бўғилгур». Аммо бу ибора арабларда асл мазмунида, яъни дуоибад сифатида айтилмай, оддий койиш маъносида ишлатиладиган бўлиб кетган. Бу ўзбек тилидаги «тушмагур», «ўлмагур» деган сўзларга тўғри келади.
779/1561 – وَعَنْهَا رَضِيَ الله عَنْهَا فِي رِوَايَةٍ قَالَتْ: خَرَجْنَا مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَلَا نُرَى إِلَّا أَنَّهُ الْحَجُّ، فَلَمَّا قَدِمْنَا تَطَوَّفْنَا بِالْبَيْتِ، فَأَمَرَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم مَنْ لَمْ يَكُنْ سَاقَ الْهَدْيَ أَنْ يَحِلَّ، فَحَلَّ مَنْ لَمْ يَكُنْ سَاقَ الْهَدْيَ، وَنِسَاؤُهُ لَمْ يَسُقْنَ فَأَحْلَلْنَ، قَالَتْ صَفِيَّةُ: مَا أُرَانِي إِلَّا حَابِسَتَهُمْ، قَالَ: «عَقْرَى حَلْقَى، أَوَمَا طُفْتِ يَوْمَ النَّحْرِ؟» قَالَتْ: قُلْتُ: بَلَى، قَالَ: «لَا بَأْسَ انْفِرِي».