827.1691. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида умрани ҳажга улаб таматтуъ* қилдилар. Ҳадий атаб, ўша ҳадийни Зулҳулайфадан ҳайдаб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал умра учун, сўнг ҳаж учун талбия* айтдилар. Одамлар ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга умрани ҳажга улаб таматтуъ қилишди. Одамларнинг орасида ҳадий атаб, уни ҳайдаб келганлар ҳам, ҳадий атамаганлар ҳам бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага келганларида одамларга: «Сизлардан ким ҳадий атаган бўлса, то ҳажини адо этмагунича ўзига тақиқланган нарсаларнинг бирортаси унга ҳалол бўлмайди. Сизлардан ким ҳадий атамаган бўлса, у Байтни ҳамда Сафо ва Марвани тавоф қилсин, сочини қисқартирсин ва эҳромдан чиқсин! Кейин (вақти келганда) ҳажга эҳром боғласин. Ким ҳадий топа олмаса, ҳажда уч кун, ўз аҳлига қайтганда етти кун рўза тутсин», дедилар.
У зот Маккага келишлари билан тавоф қилдилар ва энг аввал рукнни истилом қилдилар. Кейин учта тавофни тез одимлаб, тўрттасини оддий юриб ўтадилар. Байтни тавоф қилиб бўлгач, Мақом олдида икки ракат намоз ўқидилар. Сўнг салом бериб, тугатдилар. Сафога келиб, Сафо ва Марвани етти бор тавоф қилдилар. Кейин то Қурбонлик куни ҳажларини тамомлаб, қурбонлик қилгунларича ўзларига тақиқланган нарсаларнинг бирортаси у зотга ҳалол бўлмади. Қайтиб тушиб, Байтни тавоф қилдилар. Шундан сўнг ўзларига тақиқланган барча нарсалар у зотга ҳалол бўлди. Ҳадий атаб, ҳадий етаклаб келган одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилган бўлсалар, ўшани қилишди».
Изоҳ: Ушбу ҳадисдаги «таматтуъ» сўзи шаръий истилоҳдаги ҳажнинг бир тури маъносини эмас, балки луғавий мазмундаги «ҳузурланиш», «баҳраланиш» маъноларни билдириб келган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси кейинроқ қарор топган, саҳобаи киромлар даврида эса луғавий маъносида ишлатилаверган. Улар умуман бир сафар асносида ҳажни ҳам, умрани ҳам адо қилишни, яъни таматтуъ ҳажини ҳам, қирон ҳажини ҳам «таматтуъ қилиш» деб атайверишган, чунки аслида бошқа-бошқа амал бўлган, ҳар бири учун алоҳида сафар қилинадиган иккита ибодатни – ҳаж ва умрани бир сафарда адо этиш ҳам руҳий, ҳам жисмонан ҳузурбахш ишдир. Шунга кўра, бу ерда таматтуъ сўзи Набий алайҳиссаломнинг қирон, ҳадий атамаган саҳобалар эса таматтуъ ҳажи қилганларини ифода этган. Буни бошқа ривоятлар, жумладан Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ўзидан ривоят қилинган бошқа ҳадислар ҳам юқоридаги маънони қувватлайди.
827/1691 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: تَـمَتَّعَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي حَجَّةِ الْوَدَاعِ بِالْعُمْرَةِ إِلَى الْحَجِّ، وَأَهْدَى، فَسَاقَ مَعَهُ الْهَدْيَ مِنْ ذِي الْحُلَيْفَةِ، وَبَدَأَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَأَهَلَّ بِالْعُمْرَةِ، ثُمَّ أَهَلَّ بِالْحَجِّ، فَتَمَتَّعَ النَّاسُ مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم بِالْعُمْرَةِ إِلَى الْحَجِّ، فَكَانَ مِنَ النَّاسِ مَنْ أَهْدَى فَسَاقَ الْهَدْيَ، وَمِنْهُمْ مَنْ لَمْ يُهْدِ، فَلَمَّا قَدِمَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم مَكَّةَ، قَالَ لِلنَّاسِ: «مَنْ كَانَ مِنْكُمْ أَهْدَى، فَإِنَّهُ لَا يَحِلُّ لِشَيْءٍ حَرُمَ مِنْهُ حَتَّى يَقْضِيَ حَجَّهُ، وَمَنْ لَمْ يَكُنْ مِنْكُمْ أَهْدَى فَلْيَطُفْ بِالْبَيْتِ وَبِالصَّفَا وَالْمَرْوَةِ، وَلْيُقَصِّرْ، وَلْيَحْلِلْ، ثُمَّ لِيُهِلَّ بِالْحَجِّ، فَمَنْ لَمْ يَجِدْ هَدْيًا فَلْيَصُمْ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ فِي الْحَجِّ وَسَبْعَةً إِذَا رَجَعَ إِلَى أَهْلِهِ».