870-ҳадис

870.1829. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бешта ҳайвон борки, уларнинг барчаси фосиқдир. (Ҳожи) уларни ҳарамда ҳам ўлдираверади: қарға, калхат, чаён, сичқон ва қопағон ит», дедилар».

Изоҳ: «Фосиқ» сўзи «чегарадан чиққан», «ҳаддидан ошган» деган маъноларни англатади. Шориҳларнинг айтишича, бу ерда у икки хил маънони билдиради: ҳаддидан ошиб, одамларга зарар ва азият етказадиган жонивор; ҳарам ҳудудида ўлдирилиши тақиқланган барча жониворлардан истисно тариқасида ажраб чиққан жонивор.

Ушбу икки ривоятда номи келган жонзотлар доимо зараркунандалик қилганлари учун уларнинг ёмонлигидан сақланиш мақсадида уларни ҳарамда ҳам, ҳарамдан ташқарида ҳам, эҳромдалик чоғда ҳам, эҳромда бўлмаган чоғда ҳам ўлдиришга рухсат берилган.

Бу ерда «ҳарам» деганда Маккаи мукаррама шаҳри атрофида махсус чегара билан ўралган, шаҳар ва унинг атрофидаги маълум жойларни ўз ичига олган минтақа назарда тутилган.

870/1829 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «خَمْسٌ مِنَ الدَّوَابِّ كُلُّهُنَّ فَاسِقٌ يَقْتُلُهُنَّ فِي الْحَرَمالْغُرَابُ، وَالْحِدَأَةُ، وَالْعَقْرَبُ، وَالْفَأْرَةُ، وَالْكَلْبُ الْعَقُورُ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш