1000-ҳадис

1000.2143. Нофеъдан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «ҳомиланинг ҳомиласи» савдодан қайтардилар».

Бу жоҳилият аҳли қиладиган савдо эди. Киши бир туяни урғоси туя болалаб, кейин унинг қорнидаги ҳам болалагунича муддатга деб сотиб олар эди».

Изоҳ: Жоҳилият даврида ҳаётнинг бошқа жабҳалари қатори савдо соҳасида ҳам турли бўлмағур, номаъқул одатлар бор эди. Шулардан бири, ушбу ҳадисда келган «ҳомиланинг ҳомиласи» деб номланган савдодир. Уламолар Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг «ҳомиланинг ҳомиласи» деган иборасини асосан икки хил тушунтиришган:

а) Туянинг болалашини муддат қилиб тайинлаш. Бирон нарсани маълум муддатга савдолашишда молни топшириш вақтини «бўғоз туянинг ҳомиласи болалагунича», деб белгилаш. Мисол учун, биров бир туяни сотиб олмоқчи бўлади-да, унинг пулини сотувчига бераётиб, маълум бир бўғоз туяни кўрсатиб, «мана шу бўғоз туянинг қорнидаги боласи болалаганида туя менга ўтади», дейди. Бу изоҳ ҳадиснинг давомида очиқ айтилмоқда. Аммо 2256-ҳадисда ушбу ҳадисни Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан нақл қилаётган шогирди Нофеъ: «Ҳомиланинг ҳомиласи» дегани «бўғоз туянинг ўз қорнидагини болалаши» деганидир», деб изоҳлаган. Кейинроқ «Жоҳилият аҳли кунлари» ҳақидаги бобда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ушбу савдони «бўғоз туянинг ҳомиласи ҳомиладор бўлгунича» деб тушунтиради. Ҳар учала изоҳ ҳам тўғри келади ва ҳаммасида ҳам муддат аниқ эмас. Шу боис, бу тур салам савдо ман қилинган.

Айрим шориҳлар ҳар учала изоҳ ҳам Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳга тегишли бўлиши ҳам мумкин, дейдилар.

б) «Ҳомиланинг ҳомиласи»ни савдолашиш одати ҳам бўлган. Бу бўғоз туянинг ҳомиласининг ҳомиласини олди-сотди қилишдир. Бундай салам савдо ҳам мумкин эмас, чунки бу етказиб берилишига кафолат бўлмаган нарсани савдолашишдир. Бўғоз туянинг қорнидаги ҳомила эркакми, урғочими, у ҳали соғ туғиладими ёки ўлиб қоладими, агар соғ туғилса, у болалайдими, йўқми – ҳеч бири аниқ эмас. Шунинг учун бундай савдодан қайтарилган. Мазкур икки савдо тури ҳам жоҳилият даврида мажуд бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга чек қўйганлар.

1000/2143 - عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم نَهَى عَنْ بَيْعِ حَبَلِ الْحَبَلَةِ، وَكَانَ بَيْعًا يَتَبَايَعُهُ أَهْلُ الْجَاهِلِيَّةِ، كَانَ الرَّجُلُ يَبْتَاعُ الْجَزُورَ إِلَى أَنْ تُنْتَجَ النَّاقَةُ، ثُمَّ تُنْتَجُ الَّتِي فِي بَطْنِهَا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш