1021-ҳадис

1021.2217. Бизга Абу Ямон сўзлаб берди. У айтади: «Бизга Шуъайб хабар қилди. У айтади: «Бизга Абу Зинод Аъраждан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, сўзлаб берди:

«Набий cоллaллoҳy алайҳи васаллам дедилар: «Иброҳим алайҳиссалом Сора билан бирга ҳижрат қилиб, бир шаҳарга кириб келишди. У ерда подшоҳлардан бири [ёки золим ҳукмдорлардан бири] бор эди. (Унга) «Иброҳим энг гўзал аёллардан бири билан кириб келибди», дейишди. Шунда (подшоҳ) унга элчи жўнатиб: «Эй Иброҳим! Сен билан бирга юрган мана бу аёл ким?» деди. У: «Синглим»,* деди. Кейин у(Сора)нинг олдига қайтиб кириб: «Гапимни ёлғонга чиқарма, мен уларга сени синглим деб айтдим. Аллоҳга қасамки, ер юзида мен ва сендан бошқа мўмин йўқ», деди. Кейин уни (подшоҳ) ҳузурига жўнатди. Подшоҳ туриб, унинг олдига келди. Шунда (Сора) туриб, таҳорат олиб, намоз ўқиди ва: «Аллоҳим, агар Сенга ва Расулингга иймон келтирган бўлсам ва фаржимни эримдан бошқадан сақлаган бўлсам, бу кофирни менга эга қилма!» деди. Шунда у бўғилиб, хириллаб қолди, ҳатто оёғи билан ерни титиб ташлади».

Аъраж айтади: «Абу Салама ибн Абдурраҳмон деди: «Абу Ҳурайра бундай деди: «(Сора) «Аллоҳим, агар (ҳозир у) ўлиб қолса, анави ўлдирди, дейишади», деди. Шунда у қўйиб юборилди. Кейин у яна туриб, унинг олдига келди. Шунда (Сора) туриб, таҳорат олиб, намоз ўқиди ва: «Аллоҳим, агар Сенга ва Расулингга иймон келтирган бўлсам ва фаржимни эримдан бошқадан сақлаган бўлсам, бу кофирни менга эга қилма!» деди. Шунда у бўғилиб, хириллаб қолди, ҳатто оёғи билан ерни титиб ташлади. (Сора): «Аллоҳим, агар (ҳозир у) ўлиб қолса, уни анави ўлдирди, дейишади», деди. Шунда у иккинчи сафар ҳам [ёки учинчисида ҳам] қўйиб юборилди. У: «Аллоҳга қасамки, менга бир шайтонни жўнатибсизлар. Уни Иброҳимга қайтаринглар, унга Ожарни* ҳам бериб юборинглар!» деди. У Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига қайтиб келиб: «Кўрдингизми, Аллоҳ кофирни хор қилди ва менга бир қизни хизматкор қилиб берди», деди».

Изоҳ: Ҳадиснинг аввалги қисми марфуъ шаклда ривоят қилинган. Қолганини Абу Зинод Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга мавқуф ҳолда ривоят қилган («марфуъ» ва «мавқуф» атамаларининг изоҳи 1934-ҳадисда). Муҳаддис уламоларимиз «Шахсий фикр бўлмаган мавқуф ҳадислар марфуъ ҳукмини олади», деб таъкидлашган. Аммо у айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан эшитилгани саҳобий томонидан аниқ айтилмагани учун таржимада марфуъ ҳадислардан фарқли равишда тўқ ҳарф билан белгиламадик.

* Иброҳим алайҳиссалом завжалари Сорани синглим деб таништирганда «диндаги синглим» деган маънони назарда тутган. У киши нега ўз аёлини сингил деб таништирди, деган саволга уламолар турли хил жавоблар топишган. Жумладан, Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи бу савол ўзини кўпдан буён қийнаб юришини, унга қуйидаги жавобни топгачгина кўнгли хотиржам бўлганини айтади: «Мазкур золим подшоҳ эътиқод қилган динда турмушга чиқадиган аёл учун эр бўлишга энг ҳақли киши унинг акаси бўлган, агар у рози бўлмаса, унга бошқаси уйланган. Иброҳим алайҳиссалом Сорани синглим деб таништириш билан золим подшоҳни ўз динига амал қилар, деган умидда аёлини ўзида олиб қолишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, агар хотиним деб айтса, подшоҳ Сорага етишиш учун Иброҳим алайҳиссаломни ўлдириши ҳам мумкин эди. Буюк пайғамбар ҳам аёлини, ҳам ўзини ҳимоя қилиш учун мазкур тадбирни қўллаган.

* Ожар – Ҳожар. Бу сурёнийча исм бўлиб, икки хил айтилган. Ҳожарнинг чўри ёки ҳур бўлгани ҳақида икки хил фикр бор. Кўпгина исроилиётларда чўри бўлган, деб берилса-да, айрим қадимий китобларда Ҳожарнинг амира – подшоҳнинг қизи, яъни малика бўлгани таъкидланган. «Ибтидо» китобининг қадимий нусхаларида унинг Миср фиръавнининг қизи дейилган. Ибн Касир унинг асл араб подшоҳларининг қизи бўлиб, фиръавн уни асир қилиб, ўзига қиз қилиб олган, деган маълумотни беради. Аллома, муҳаққиқ олим, таниқли тадқиқотчи Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий чуқур изланишлар натижасида Ҳожарнинг ҳур, малика бўлганини энг тўғри хулоса деб берган.

1021/2217 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «هَاجَرَ إِبْرَاهِيمُ عليه السلام بِسَارَةَ، فَدَخَلَ بِهَا قَرْيَةً فِيهَا مَلِكٌ مِنَ الْمُلُوكِ، أَوْ جَبَّارٌ مِنَ الْجَبَابِرَةِ، فَقِيلَ: دَخَلَ إِبْرَاهِيمُ بِامْرَأَةٍ، هِيَ مِنْ أَحْسَنِ النِّسَاءِ، فَأَرْسَلَ إِلَيْهِأَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ مَنْ هَذِهِ الَّتِي مَعَكَ؟ قَالَ: أُخْتِي، ثُمَّ رَجَعَ إِلَيْهَا فَقَالَ: لَا تُكَذِّبِي حَدِيثِي، فَإِنِّي أَخْبَرْتُهُمْ أَنَّكِ أُخْتِي، وَاللهِ إِنْ عَلَى الْأَرْضِ مُؤْمِنٌ غَيْرِي وَغَيْرُكِ، فَأَرْسَلَ بِهَا إِلَيْهِ فَقَامَ إِلَيْهَا، فَقَامَتْ تَوَضَّأُ وَتُصَلِّي، فَقَالَتِ: اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتُ آمَنْتُ بِكَ وَبِرَسُولِكَ وَأَحْصَنْتُ فَرْجِي إِلَّا عَلَى زَوْجِي فَلَا تُسَلِّطْ عَلَيَّ الْكَافِرَ، فَغُطَّ حَتَّى رَكَضَ بِرِجْلِهِ».

قَالَ أبُو هُرَيْرَةَ: فَقَالَتِ: اللَّهُمَّ إِنْ يَمُتْ يُقَالُهِيَ قَتَلَتْهُ، فَأُرْسِلَ في الثَّانِيَةِ، أوْ فِي الثَّالِثَةِ، فَقَالَ: وَاللهِ مَا أَرْسَلْتُمْ إِلَيَّ إِلَّا شَيْطَانًا، ارْجِعُوهَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ، وَأَعْطُوهَا آجَرَ، فَرَجَعَتْ إِلَى إِبْرَاهِيمَ عليه السلام فَقَالَتْ: أَشَعَرْتَ أَنَّ اللهَ كَبَتَ الْكَافِرَ وَأَخْدَمَ وَلِيدَةً.

Улашиш
|
|
Нусха олиш