114.138 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухладилар, хуррак ҳам отдилар, сўнг намоз ўқидилар» – (Суфён) баъзан: «Ёнбошладилар, ҳатто хуррак ҳам отдилар, сўнг туриб, намоз ўқидилар», ҳам деган – (Алий ибн Абдуллоҳ) «Шунингдек, буни бизга Суфён бир неча маротаба Амрдан, у Курайбдан, у Ибн Аббосдан сўзлаб берган», дейди. У (Ибн Аббос) айтади: «Бир кеча холам Маймунаникида тунаб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда турдилар. Яъни кечанинг бир қисми ўтгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, осиғлиқ турган эски мешдан енгил таҳорат олдилар – Амр енгил қилиб, озайтириб, деб изоҳларди – у зот туриб, намоз ўқидилар. Мен ҳам у зот таҳорат қилганлари каби таҳорат қилдим. Келиб, у зотнинг чап тарафларига турдим – Суфён гоҳида: «сўл тарафларига», деб айтарди – у зот мени айлантириб, ўнг тарафларига олдилар ва Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқидилар. Сўнгра ёнбошлаб ётиб ухладилар, хуррак ҳам отдилар. Кейин муаззин келиб, намоз вақти бўлганини билдирди. У зот у билан бирга намозга турдилар ва таҳорат қилмай, намоз ўқидилар».
(Суфён айтади:) «Биз Амрга: «Одамлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухлайдию, қалблари ухламайди», дейишади», дедик. Амр: «Мен Убайд ибн Умайрнинг «Анбиёларнинг тушлари ваҳийдир», деб, ортидан «...мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман...»ни ўқиганини эшитганман», деди».
Изоҳ: Ухлаганда таҳорат синмаслиги пайғамбарларга хос нарса. Бу маъно ҳадиснинг ўзида ҳам зикр қилинмоқда. Шунинг учун ҳанафий уламолар «Бир нарсага суяниб ухлаган кишининг суянчиғи олиб ташланганида йиқилгудай бўлса, унинг таҳорати синади», дейишади.
114/138 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم نَامَ حَتَّى نَفَخَ، ثُمَّ صَلَّى، وَلَمْ يَتَوَضَّأْ وَرُبّـَمَا قَالَ: اضْطَجَعَ حَتَّى نَفَخَ، ثُمَّ قَامَ فَصَلَّى.