140-ҳадис

140.180 Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишига одам юбордилар. У бошидан сув томиб турган ҳолда келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сени шошириб қўйибмиз шекилли?» дедилар. У: «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шоширилсанг ёки жимоъда маний тўкмасанг, сенга таҳорат лозим», дедилар».

Изоҳ: Ушбу бобда келган хабарларда фақат икки аъзодан чиққан нарсалар сабаблигина таҳорат лозим бўлиши зикр қилинган. Лекин ҳанафий мазҳабига кўра, икки аъзодан бошқа жойдан чиққан нажосатлар – қон, йиринг, қусқилардан ҳам, шунингдек, намозда овоз чиқариб кулганда ҳам таҳорат кетади. Кўплаб саҳоба ва тобеъинлар мана шу сўзни олишган. Мисол учун ашараи мубашшара (жаннат билан башоратланган ўн саҳоба), Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий, Абу Дардо, Савбон розияллоҳу анҳум, Иброҳим Нахаий ва Қатода раҳимаҳумаллоҳни келтириш мумкин.

Шу ўринда умумий бир қоидани эслатиб ўтмоқчимиз. Бу ва бунга ўхшаш масалалардаги тафовут мазҳаблар орасидаги табиий хилма-хиллик ҳисобланади. Бу ихтилоф Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган ва уммат учун раҳмат бўлган ихтилофдир. Бундай масалаларнинг тафсилоти билан фиқҳ китоблари орқали батафсил танишиш мумкин.

Юқоридаги ҳадисларда жимоъ инзолсиз бўлса (маний тўкилмаса), ғусл вожиб бўлмаслиги айтилган. Бу ҳукм кейин насх қилинган. Ислом уммати жимоъда инзол бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ғусл вожиб бўлишига иттифоқ қилган. Тўғри, ғусл фақат инзол билан вожиб бўлади, деган бир гуруҳ саҳобалар ҳам бўлган, аммо кейинчалик улар ҳам ўз фикрларидан қайтишган ва ижмоъ собит бўлган.

140/180 - عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ الله عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم أَرْسَلَ إِلَى رَجُلٍ مِنَ الْأَنْصَارِ، فَجَاء وَرَأْسُهُ يَقْطُرُ، فَقَالَ النَّبِيُّ: صلى الله عليه وسلم «لَعَلَّنَا أَعْجَلْنَاكَ؟» فَقَالَ: نَعَمْ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِذَا أُعْجِلْتَ أَوْ قُحِطْتَ فَعَلَيْكَ الْوُضُوءُ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш