147-ҳадис

147.194 Жобир розияллоҳу анҳу айтади:

«Касал бўлиб, ўзимни билмай ётганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Таҳорат қилиб, таҳорат сувларини устимдан қуйдилар. Мен ўзимга келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мерос кимга тегади? Менга фақат калола* меросхўр бўляпти», дедим. Шунда мерос ояти нозил бўлди».

* «Калола» сўзи ҳақида уламоларимиз анчагина баҳс юритишган. Бизнинг тилимизда «калола» сўзини айнан ифода этадиган ибора йўқ. Шунингдек, араб тилида ҳам бу сўзнинг бошқа муродифи (синоними) йўқ. Одамлар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан калола ҳақида сўрашганида: «У ҳақда ўз фикримни айтаман, тўғри бўлса – Аллоҳдан, хато бўлса – мендан ва шайтондан, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқаси йўқ. Калола – зурриёти ва аждоди йўқ одамнинг опа-синглисидир», дедилар. Яъни ўлган пайтида орқасидан бола-чақаси, невара-чеваралари ҳам, ота-она, бобо-момолари ҳам қолмаган, лекин опаси ё синглисигина меросхўр бўлиб қолган одамдан фақат калола, яъни унинг опа-сингиллари мерос оладилар.

147/194 – عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ الله عَنْهُ، قَالَ: جَاءَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَعُودُنِي وَأَنَا مَرِيضٌ لَا أَعْقِلُ، فَتَوَضَّأَ وَصَبَّ عَلَيَّ مِنْ وَضُوئِهِ، فَعَقَلْتُ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ لِمَنِ الْمِيرَاثُ، إِنّـَمَا يَرِثُنِي كَلَالَةٌ. فَنَزَلَتْ آيَةُ الْفَرَائِضِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш