1051.2324. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бир киши сигирнинг устига миниб олган эди, у унга ўгирилиб қараб: «Мен бунинг учун яратилганим йўқ, ер ҳайдаш учун яратилганман», деди. Бунга мен, Абу Бакр ва Умар иймон келтирдик. Бўри бир қўйни олган эди, чўпон унинг ортидан тушди. Бўри унга: «Йиртқичлар* кунида, унинг мендан бошқа чўпони бўлмаган кунда унга ким (эгалик қилади)?!» деди. Бунга мен, Абу Бакр ва Умар иймон келтирдик».
Абу Салама айтади: «Ўша куни икковлари қавмнинг ичида йўқ эди».
Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзни айтган пайтлари ўтирганларнинг ичида Абу Бакр Сиддиқ ҳам, Умар ибн Хаттоб ҳам бўлмаган. Аммо уларнинг ишонч ва иймонлари, ихлосу эътиқодларини билган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар учун ҳам гувоҳлик берганлар. Тилсиз ҳайвонларнинг гапириши гарчи одатга хилоф бўлиб, кишиларга ғаройиб кўринса ҳам, бунга инсонларнинг ишониши қийин бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг қудратига, пайғамбарларнинг мўъжизаларига иймон келтирган киши учун бу оддий ҳолат ҳисобланади.
* «Йиртқичлар куни» деганда нима назарда тутилгани ҳақида икки-уч хил қараш бор. Аввало иборанинг ўзида икки хиллик бор. Баъзилар «явмус-сабъи» деса, кўпчилик муҳаддислар ривоятида «явмус-сабуъи» деб айтилган. «Явмус-сабъи» деганлар ҳам бу жумладан нима кўзда тутилганида ихтилоф қилишган. Баъзилар қиёмат кунги маҳшар жойининг номи, деса, бошқалар бу арабларнинг жоҳилиятдаги байрамлари бўлиб, унда ўйин-кулги билан банд бўлиб, чорваларини ҳам эътиборсиз қолдиришар эди, бу сўзнинг йиртқичларга алоқаси йўқ, дейди. «Явмус-сабуъи» деб айтадиганлар ҳам бу иборадан нима тушунилишини турлича изоҳлаганлар. Кучлироқ гапга кўра, охир замонда фитна авж олиб, қиёмат соати келиб қолганда одамлар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб, чорваларига ҳам қарамай қўйишади, шунда ҳайвонлар йиртқичлар билан қолишади. Ана ўша кунни «йиртқичлар куни» деб аталади. Ибн Манзур ўзининг оламга машҳур «Лисанул-ъароб» асарида «сабъ» калимаси «сабуъ»нинг бир кўриниши, яъни иккаласи бир сўзнинг икки хил айтилиши, деб айтган. Биз шунинг учун кўпчиликнинг фикрига биноан «йиртқичлар куни» деб таржима қилдик.
1051/2324 – وَعَنْهُ رَضِيَ الله عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ رَاكِبٌ عَلَى بَقَرَةٍ الْتَفَتَتْ إِلَيْهِ فَقَالَتْ: لَمْ أُخْلَقْ لِهَذَا، خُلِقْتُ لِلْحِرَاثَةِ، قَالَ: آمَنْتُ بِهِ أَنَا وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ، وَأَخَذَ الذِّئْبُ شَاةً فَتَبِعَهَا الرَّاعِي، فَقَالَ الذِّئْبُ: مَنْ لَهَا يَوْمَ السَّبُعِ، يَوْمَ لَا رَاعِيَ لَهَا غَيْرِي، قَالَ: آمَنْتُ بِهِ أَنَا وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ».