1056-ҳадис

1056.2334. Умар розияллоҳу анҳу айтади:

«Кейинги мусулмонлар бўлмаганида, қайси бир шаҳарни фатҳ этмай, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарни бўлиб берганларидек, уни ўз аҳли орасида бўлиб берган бўлар эдим».

Изоҳ: Бу ерда «ўз аҳли» деганда шаҳарни фатҳ қилган кишилар назарда тутилган. «Бўлиб бериш» деганда эса ердан олинадиган харожни тақсимлаб бериш тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ерларининг бир қисмини уни фатҳ қилишда иштирок этган кишиларга бўлиб берганлар. Ўша ерларнинг хирожини мазкур фотиҳлар оладиган бўлишган. Бироқ, Умар розияллоҳу анҳу фатҳ бўлган ерларнинг хирожини, яъни солиғини тўлалигича давлат хазинасига йўналтириб, шундай қилинмаса, маълум ерларга бир гуруҳ одамлар эга бўлиб қолиб, кейинги авлод мусулмонларининг катта қисми ундан бенасиб бўлиб қолиши мумкинлигини айтганлар. У киши «кейинги мусулмонлар бўлмаганида» деб, шуни назарда тутганлар. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбар ерлари хирожининг қолган қисмини давлат хазинасига олганлари асос бўлган.

1056/2334 – عَنْ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُ أنَّهُ قَالَ: لَوْلَا آخِرُ الْمُسْلِمِينَ، مَا فَتَحْتُ قَرْيَةً إِلَّا قَسَمْتُهَا بَيْنَ أَهْلِهَا، كَمَا قَسَمَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم خَيْبَرَ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш