1081.2411. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Икки киши: мусулмонлардан бир киши ва яҳудийлардан бир киши бир-бирлари билан сўкишиб қолишди. Мусулмон: «Муҳаммадни оламлар узра сайлаб олган Зотга қасам!» деди. Яҳудий эса: «Мусони оламлар узра сайлаб олган Зотга қасам!» деди. Шу пайт мусулмон қўлини кўтариб, яҳудийнинг юзига тарсаки туширди. Яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, ўзи билан мусулмон ўртасида бўлиб ўтган ишни айтиб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонни чақириб, бу ҳақда ундан сўраган эдилар, у ҳам (ўшани) айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени Мусодан яхши деб айтманглар.* Зеро, одамлар қиёмат куни беҳуш йиқиладилар, мен ҳам улар билан бирга беҳуш йиқиламан. Шунда биринчи ҳушига келадиган мен бўламан. Қарасам, Мусо Аршнинг бир томонини маҳкам тутиб турган бўлади. У ҳам беҳуш йиқилганлардан бўлиб, мендан олдин ўзига келганми ёки Аллоҳ истисно қилганлардан* бўлганми, билмайман», дедилар».
* Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавозе ва камтарлик юзасидан, пайғамбарларнинг барчалари иймону ихлосда, иззат-ҳурматда баробар эканларини англатиш учун, уларни ўзаро тортишув ва фахрланиш мавзуси қилишнинг олдини олиш мақсадида айтганлар. Аслини олганда, бошқа ҳадисларда айтилганидек, Муҳаммад алайҳиссалом барча пайғамбарлардан афзал эканлари, балки бутун инсониятнинг саййиди, барча махлуқотларнинг энг улуғи эканлари кундек равшан. Барча ақлий ва нақлий далиллар ҳам шуни тақозо қилади. Қуръони каримда ҳам пайғамбарларнинг бир-бирларидан устунлик ва афзалликлари борлиги айтилган (Бақара сурасининг 253-ояти). Айрим уламоларимизнинг таъкидлашларича, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча пайғамбарлардан афзал эканларини билиш ва эътироф этиш эътиқодга тааллуқлидир. У зотни бошқа пайғамбарлардан устун қўймаслик ҳақидаги кўрсатма эса амалий ишларга, ўзаро муносабатларга оид ҳисобланади.
* Бу ерда Зумар сурасининг 68-оятидаги маънога ишора бор. Унда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, беҳуш йиқилди. Аллоҳ хоҳлаганларгина мустасно». Ушбу оятда мазкур сур чалинишидан беҳушлик Аллоҳ хоҳлаган зотларга таъсир этмаслиги айтилган. Кўпчилик муфассирлар бу ерда тўрт буюк фаришта ёки Аршни кўтариб турган фаришталар ҳам назарда тутилганини таъкидлашган. Ҳадисда мана шу истисно назарда тутилган.
1081/2411 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: اسْتَبَّ رَجُلَانِ: رَجُلٌ مِنَ الْمُسْلِمِينَ، وَرَجُلٌ مِنَ الْيَهُودِ، قَالَ الْمُسْلِمُ: وَالَّذِي اصْطَفَى مُحَمَّدًا عَلَى الْعَالَمِينَ، فَقَالَ الْيَهُودِيُّ: وَالَّذِي اصْطَفَى مُوسَى عَلَى الْعَالَمِينَ، فَرَفَعَ الْمُسْلِمُ يَدَهُ عِنْدَ ذَلِكَ فَلَطَمَ وَجْهَ الْيَهُودِيِّ، فَذَهَبَ الْيَهُودِيُّ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَأَخْبَرَهُ بِـمَا كَانَ مِنْ أَمْرِهِ وَأَمْرِ الْمُسْلِمِ، فَدَعَا النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم الْمُسْلِمَ، فَسَأَلَهُ عَنْ ذَلِكَ فَأَخْبَرَهُ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «لَا تُخَيِّرُونِي عَلَى مُوسَى، فَإِنَّ النَّاسَ يَصْعَقُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَأَصْعَقُ مَعَهُمْ، فَأَكُونُ أَوَّلَ مَنْ يُفِيقُ، فَإِذَا مُوسَى بَاطِشٌ جَانِبَ الْعَرْشِ، فَلَا أَدْرِي: أَكَانَ فِيمَنْ صَعِقَ فَأَفَاقَ قَبْلِي، أَوْ كَانَ مِمَّنِ اسْتَثْنَى اللهُ».