1127-ҳадис

1127.2572. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Марруз-заҳронда* бир қуённи жойидан қочирдик. Одамлар қувавериб, ҳолдан тойишди. Мен етиб олиб, уни ушладим. Уни Абу Талҳага олиб келган эдим, сўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тосини [ёки икки сонини] юборди. У зот уни қабул қилдилар».

(Шуъба) «Шак-шубҳасиз, икки сонини», деган.

(Сулаймон ибн Ҳарб* айтади) «Ундан еганлар ҳамми?» дедим. «Еганлар ҳам», деди. Кейин яна: «У зот уни қабул қилганлар», деб қўйди».

* Марруз-заҳрон – Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага юриш йўлидаги жой.

* Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисни Сулаймон ибн Ҳарбдан, у Шуъбадан, у Ҳишом ибн Язид ибн Анас ибн Моликдан, у бобоси Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ушбу ривоятда Шуъба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган ҳадянинг қуённинг тоси ёки сони эканида аввал иккиланиб, кейин иккиланиши кетиб, сон бўлгани аниқ эканини таъкидлаб қўйяпти. Сулаймон ибн Ҳарб ҳам «Ундан еганлар ҳамми? Ёки фақат қабул қилиб қўйиб, кейин бошқасига бериб юборганмилар?» деб, масаланинг яна бир муҳим жиҳатини сўраб оляпти. Шуъба унга жавобан «Еганлар ҳам» деб айтиш билан бирга, «У зот уни қабул қилганлар» деб, масаланинг асосий жиҳатини қайта уқтиряпти. Шу билан бирга, у зотнинг мазкур ҳадяни қабул қилганлари тўғрисидаги ўзида мавжуд бўлган хабарнинг аниқлигини яна бир бор таъкидлаб қўймоқда. Ҳадис ривоятида кўп учрайдиган бу каби ҳоллар Ислом уламолари ўзларидан кейинги авлодларга илмни нақадар омонатдорлик билан етказганларининг жонли исботидир.

1127/2572 - عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: أَنْفَجْنَا أَرْنَبًا بِـمَرِّ الظَّهْرَانِ، فَسَعَى الْقَوْمُ فَلَغِبُوا، فَأَدْرَكْتُهَا فَأَخَذْتُهَا، فَأَتَيْتُ بِهَا أَبَا طَلْحَةَ فَذَبَحَهَا، وَبَعَثَ بِهَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم بِوَرِكِهَا أَوْ فَخِذَيْهَا، فَقَبِلَهُ. وَفِي رِوَايَةٍ: وأكَلَ مِنْهُ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш