1159-ҳадис

1159.2704. Ҳасан (Басрий) айтади:

«Аллоҳга қасамки, Ҳасан ибн Алий тоғдек қўшинлари билан Муовияга рўбарў бўлди. Амр ибн Ос: «Қасамки, мен ўзига ўхшашларни ўлдирмагунича ортга қайтмайдиган қўшинларни кўрмоқдаман», деди. Муовия – Аллоҳга қасамки, у мана шу икки кишининг яхшироғи эди – унга: «Эй Амр! Агар анавилар буларни, булар анавиларни ўлдирса, менга одамларнинг ишларини қилишга ким ёрдам беради? Уларнинг аёлларига ким қарайди? Уларнинг уй-жой, бола-чақаларига ким қарайди?» деди. Кейин Қурайшнинг Бану Абдушшамс уруғидан икки кишини – Абдурраҳмон ибн Самура ва Абдуллоҳ ибн Омир ибн Курайзларни: «Анави киши олдига бориб, унга таклифлар қилинглар, унга гапириб тушунтиринглар ва ундан қаттиқ илтимос қилинглар», дея унга (Ҳасан розияллоҳу анҳумога) юборди. Улар унинг ҳузурига келиб, олдига киришди, у билан гаплашишди, унга гапириб тушунтиришди ва ундан қаттиқ илтимос қилишди. Ҳасан ибн Алий уларга: «Биз Абдулмутталиб фарзандларимиз, дарҳақиқат, биз бу мол-мулкка эришганмиз. Ушбу уммат ҳақиқатда ўз қонига ўзи ғарқ бўлди», деди. Улар: «У сенга шу-шу нарсаларни таклиф этяпти, илтимос қиляпти, сўраяпти», дейишди. У: «Мен учун бу ишда ким кафил бўлади?» деди. Улар: «Бунда сенга биз кафилмиз», дейишди. У улардан нимани сўраса, улар: «Бунда сенга биз кафилмиз», дейишди. Шундай қилиб, у (Муовия) билан сулҳ қилди.

Абу Бакранинг бундай деяётганини эшитганман: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда кўрдим, Ҳасан ибн Алий ёнларида эди. У зот бир одамларга, бир унга қарардилар ва: «Ушбу ўғлим пешводир, шоядки Аллоҳ у сабабли мусулмонларнинг икки катта гуруҳи ўртасини ислоҳ қилса», дердилар».

Алий ибн Абдуллоҳ менга: «Ҳасаннинг ушбу ҳадисни Абу Бакрадан эшитгани бизга аниқ бўлган», деди.*

Изоҳ: Ушбу охирги хатбоши имом Бухорийга тегишли. Алий ибн Абдуллоҳ Маданий у кишининг энг кўзга кўринган шайхларидан бўлган.

1159/2704 – عَنْ أبِي بَكْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَلَى الْمِنْبَرِ وَالْحَسَنُ بْنُ عَلِيٍّ إِلَى جَنْبِهِ، وَهْوَ يُقْبِلُ عَلَى النَّاسِ مَرَّةً وَعَلَيْهِ أُخْرَى، وَيَقُولُ: «إِنَّ ابْنِي هَذَا سَيِّدٌ، وَلَعَلَّ اللهَ أَنْ يُصْلِحَ بِهِ بَيْنَ فِئَتَيْنِ عَظِيمَتَيْنِ مِنَ الْمُسْلِمِينَ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш