1174-ҳадис

1174.2778. Абу Абдурраҳмондан ривоят қилинади:

«Усмон розияллоҳу анҳу қамал қилинганида уларнинг (қамал қилганларнинг) олдига чиқиб: «Сизлардан Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, – ҳолбуки мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бошқалардан Аллоҳни ўртага қўйиб сўрамайман, – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Румани* қазиса, унга жаннат бўлади», деганларида, уни мен қазиганимни билмайсизларми? У зот: «Ким Жайшул-ъусрани* жиҳозласа, унга жаннат бўлади», деганларида, уни мен жиҳозлаганимни билмайсизларми?» деди. Айтган нарсаларини тасдиқлашди».

Умар ўз вақфида: «Уни тасарруф қилиб турган кишига ундан ейишида гуноҳ йўқ», деган.

Гоҳида вақф қилувчининг ўзи ҳам, ундан бошқа одам ҳам уни тасарруф қилаверади, бу ҳар ким учун ҳам мумкин.

* Рума – Мадинадаги булоқ ёки қудуқнинг номи. Рума аслида булоқ бўлган. Мусулмонлар Мадинага келганларида бу ернинг суви уларга ёқмаган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни мана шу булоқни сотиб олишга чақирганларида Усмон розияллоҳу анҳу уни 35000 дирҳамга сотиб олган. Кейин уни қазиб, кенгайтирган («Умдатул-қорий»).

* Жайшул-ъусра «қийинчилик лашкари» дегани. Табук ғазотига чиққан лашкар шундай номланган, чунки бу ғазот ёзнинг жазирма кунларида, оғир бир вазиятда ўтган. Ўшанда Усмон розияллоҳу анҳу ана шу лашкарни тўлиқ жиҳозлаганлар.

1174/2778  - عَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ الله عَنْهُ أنَّهُ قَالَ حَيْثُ حُوصِرَ: أَنْشَدُكُمْ اللهُ، وَلَا أَنْشُدُ إِلَّا أَصْحَابَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، أَلَسْتُمْ تَعْلَمُونَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ حَفَرَ رُومَةَ فَلَهُ الْجَنَّةُ، فَحَفَرْتُهَا، أَلَسْتُمْ تَعْلَمُونَ أَنَّهُ قَالَ: مَنْ جَهَّزَ جَيْشَ الْعُسْرَةِ فَلَهُ الْجَنَّةُ، فَجَهَّزْتُهُمْ؟ قَالَ: فَصَدَّقُوهُ بِـمَا قَالَ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш