1300.3144. Нофеъдан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, жоҳилиятда бир кун эътикоф ўтириш зиммамда қолган эди», деди. У зот унга буни ўташни буюрдилар. Умар Ҳунайн асирларидан икки жорияга эга бўлди ва уларни Маккадаги уйлардан бирига қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн асирларига илтифот кўрсатдилар.* Улар йўлларда тезлаб юриб кетишди. Умар: «Эй Абдуллоҳ, қара‑чи, бу нима экан?» деди. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларга илтифот кўрсатибдилар», деди. «Бориб, иккала жорияни қўйиб юбор», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жиъронадан умра қилмаганлар. Агар умра қилган бўлганларида, Абдуллоҳга махфий қолмас эди».
Жарир Айюбдан, у Нофеъдан, у Ибн Умардан ривоят қилиб, «хумусдан», деб қўшимча қилган.
Буни Маъмар Айюбдан, у Нофеъдан, у Ибн Умардан назр ҳақида ривоят қилган, аммо «бир кун», деб айтмаган.
* «Илтифот кўрсатдилар» – «Ҳеч қандай эвазсиз қўйиб юбордилар», дегани.
Изоҳ: Жарир Айюбдан, у Нофеъдан, у Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда Умар розияллоҳу анҳуга Ҳунайнда тушган жориялар хумусдан бўлгани ҳам алоҳида таъкидланган экан. Маъмар Айюбдан, у Нофеъдан, у Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда эса «эътикоф», дейилган, «бир кун эътикоф», дейилмаган экан. Бу ҳолат ҳам улуғ муҳаддисларимиз, ровийларимизнинг нақадар омонатдор бўлганларига яна бир далилдир.
1300/3144 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا: أَنَّ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُ أَصَابَ عُمَرُ جَارِيَتَيْنِ مِنْ سَبْيِ حُنَيْنٍ، فَوَضَعَهُمَا فِي بَعْضِ بُيُوتِ مَكَّةَ، قَالَ: فَمَنَّ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَلَى سَبْيِ حُنَيْنٍ، فَجَعَلُوا يَسْعَوْنَ فِي السِّكَكِ، فَقَالَ عُمَرُ: يَا عَبْدَ اللهِ، انْظُرْ مَا هَذَا؟ فَقَالَ: مَنَّ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَلَى السَّبْيِ، قَالَ: اذْهَبْ فَأَرْسِلِ الْجَارِيَتَيْنِ.