1301-ҳадис

1301.3141. Солиҳ ибн Иброҳим ибн Абдурраҳмон ибн Авф отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Бадр куни сафда турар эканман, ўнгу чапимга қарадим. Қарасам, икки ансорий ўспириннинг ўртасида эканман. Улардан кўра  бақувватроқ одамлар орасида бўлсам эди, деб орзу қилдим. Улардан бири мени туртиб: «Ҳой амаки, Абу Жаҳлни танийсизми?» деди. «Ҳа, унда нима ишинг бор, эй биродаримнинг ўғли?» дедим. «Менга у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкади, деган хабар келди. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар уни кўриб қолсам, (ажали) эртароғимиз ўлмагунча, изидан қолмайман!» деди. Мен бунга қойил қолдим. Бошқаси ҳам мени туртиб, шунга ўхшаш гап айтди. Одамлар орасида юрган Абу Жаҳлни кўришим биланоқ: «Ҳой! Ана мендан сўраган одамларинг», дедим. Улар қиличлари билан у томон шошишди, зарба бериб, охири уни ўлдиришди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб, у зотга хабар беришди. «Уни қайси бирингиз ўлдирдингиз?» дедилар. Иккови ҳам: «Уни мен ўлдирдим», деди. «Қиличларингизни артмадингизми?» дедилар. Улар: «Йўқ», дейишди. Шунда иккала қиличга қараб туриб: «Уни икковингиз ўлдирибсиз. Унинг салаби Муъоз ибн Амр ибн Жамуҳга», дедилар. Улар Муъоз ибн Афро билан Муъоз ибн Амр ибн Жамуҳ эди».

Изоҳ: Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларга мислсиз азоб-уқубатлар етказган мушриклардан эди. Абу Жаҳлнинг тўлиқ исми Абул Ҳакам Амр ибн Ҳишом ибн Муғийра бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломни кўп мазах қилар, ҳатто ўлдиришни режалаб юрарди. Бир куни одамларга қарата «Намоз пайтида саждага бош қўйганида Муҳаммаднинг бошини янчиб ташлайман» деб катта тошни кўтариб, қабиҳ мақсадини амалга оширмоқчи бўлганида Аллоҳ таолонинг мўъжизаси билан  қўллари қалтираб, тошни ташлаб юборади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Жаҳл шерикларига қарата «Ким сўйилган туянинг қоғоноғини олиб келиб, сажда қилган пайтида Муҳаммаднинг устига ташлайди?» дейди. Қавмнинг бадбахти туриб, ўша ишни қилганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта «Аллоҳим, Қурайшни Ўзингга солдим» деб дуоибад қилганлар. Кейин номма-ном «Аллоҳим, Абу Жаҳлни Ўзингга солдим» дея яна олти кишининг исмини айтганлар. Абу Жаҳл ва унинг шериклари Бадр жангида қилмишларига яраша жазони олдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай дейди: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам санаган кишиларнинг Бадр қудуғида ўлиб ётганларини кўрдим».

1301/3141 - عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: بَيْنَا أَنَا وَاقِفٌ فِي الصَّفِّ يَوْمَ بَدْرٍ، فَنَظَرْتُ عَنْ يَـمِينِي وَشِـمَالِي، فَإِذَا أَنَا بِغُلَامَيْنِ مِنَ الْأَنْصَارِ، حَدِيثَةٍ أَسْنَانُهُمَا، تَـمَنَّيْتُ أَنْ أَكُونَ بَيْنَ أَصْلَحَ مِنْهُمَا، فَغَمَزَنِي أَحَدُهُمَا فَقَالَ: يَا عَمِّ هَلْ تَعْرِفُ أَبَا جَهْلٍ؟ قُلْتُ: نَعَمْ، مَا حَاجَتُكَ إِلَيْهِ يَا ابْنَ أَخِي؟ قَالَ: أُخْبِرْتُ أَنَّهُ يَسُبُّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَئِنْ رَأَيْتُهُ لَا يُفَارِقُ سَوَادِي سَوَادَهُ حَتَّى يَـمُوتَ الْأَعْجَلُ مِنَّا، فَتَعَجَّبْتُ لِذَلِكَ، فَغَمَزَنِي الْآخَرُ، فَقَالَ لِي مِثْلَهَا، فَلَمْ أَنْشَبْ أَنْ نَظَرْتُ إِلَى أَبِي جَهْلٍ يَجُولُ فِي النَّاسِ، فَقُلْتُ: أَلَا إِنَّ هَذَا صَاحِبُكُمَا الَّذِي سَأَلْتُمَانِي، فَابْتَدَرَاهُ بِسَيْفَيْهِمَا، فَضَرَبَاهُ حَتَّى قَتَلَاهُ، ثُمَّ انْصَرَفَا إِلَى رَسُولِ اللهُ صلى الله عليه وسلم فَأَخْبَرَاهُ، فَقَالَ: أَيُّكُمَا قَتَلَهُ؟ قَالَ كُلُّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا:: أَنَا قَتَلْتُهُ، فَقَالَ: هَلْ مَسَحْتُمَا سَيْفَيْكُمَا؟ قَالَا: لَا، فَنَظَرَ فِي السَّيْفَيْنِ، فَقَالَ: كِلَاكُمَا قَتَلَهُ، سَلَبُهُ لِمُعَاذِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْجَمُوحِ، وَكَانَا مُعَاذَ ابْنَ عَفْرَاءَ وَمُعَاذَ بْنَ عَمْرِو بْنِ الْجَمُوحِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш