211-ҳадис

211.316 Урвадан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳо: «Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эҳром боғладим. Мен таматтуъ* қилган, лекин ҳадий* етаклаб келмаганлардан эдим», деди.

У ўзининг ҳайз кўриб, арафа кечаси кирганда ҳам пок бўлмаганини билгач: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу кеча арафа кечаси, мен эса фақат умрага таматтуъ қилган эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сочингни ёзиб, тараниб ол ва умрангдан тийил», дедилар.

(Оиша айтади) «Шундай қилдим. Ҳажни адо қилиб бўлганимда ҳасба кечаси* Абдурраҳмонга буюрдилар, у мени ўзим адо этишга қасд қилган умрам ўрнига Танъимдан* умра қилдирди».

* Таматтуъ – ҳажнинг уч туридан бири. Бунда ҳаж қилмоқчи бўлган одам эҳромга кираётган пайтида аввал умра қилишни, умрадан кейин эса ҳаж кунларигача эҳромдан чиқиб юришни ният қилади. Ҳаж кунлари келганда яна эҳром боғлаб, ҳажни адо этади.

* Ҳадий – ҳожи ёки умра қилувчи ҳарам ҳудудида сўйиш учун олиб келган қурбонлик. Одатда, туя, қорамол, қўй ёки эчкилар ҳадий бўлади.

* Ҳасба кечаси – Муҳассабда туналадиган кеча. Муҳассаб – Макка билан Мино орасидаги водийнинг номи бўлиб, ҳожилар ҳаж амалларини тугатиб, Минодан қайтишда ўша ерда тунаб қолишади.

* Танъим – Мадинага юришда Маккага яқин бир жойнинг номи бўлган. У ер ҳозирда Макка шаҳрининг ичига кириб кетган бўлиб, Оиша розияллоҳу анҳо номидаги масжид шу ерда жойлашган. Бу ер умра учун эҳром боғланадиган мийқот ҳисобланади.

211/316 – وَعَنْهَا رَضِيَ الله عَنْهَا قَالَتْ: أَهْلَلْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي حَجَّةِ الْوَدَاعِ، فَكُنْتُ مِمَّنْ تَـمَتَّعَ وَلَمْ يَسُقِ الْهَدْيَ، فَزَعَمَتْ أَنَّهَا حَاضَتْ، وَلَمْ تَطْهُرْ حَتَّى دَخَلَتْ لَيْلَةُ عَرَفَةَ، فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، هَذِهِ لَيْلَةُ عَرَفَةَ، وَإِنّـَمَا كُنْتُ تَـمَتَّعْتُ بِعُمْرَةٍ، فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «انْقُضِي رَأْسَكِ، وَامْتَشِطِي، وَأَمْسِكِي عَنْ عُمْرَتِكِ» فَفَعَلْتُ، فَلَمَّا قَضَيْتُ الْحَجَّ، أَمَرَ عَبْدَ الرَّحْمَنِ لَيْلَةَ الْحَصْبَةِ، فَأَعْمَرَنِي مِنَ التَّنْعِيمِ، مَكَانَ عُمْرَتِي الَّتِي نَسَكْتُ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш