215.324 Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бўйқизларимизни иккала ҳайит намозига чиқишдан ман қилар эдик. Бир аёл келиб, Бану Халафнинг қасрига* тушди. У ўз опаси ҳақида гапира кетди. Опасининг эри Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўн икки марта ғазотга чиққан экан: «Опам олтитасида у билан бирга бўлган. У «Биз жароҳатланганларни даволар, беморларга қарар эдик», дерди. Опам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бирортамизнинг ёпинчиғи бўлмаса, (ийдгоҳга) чиқмаса гуноҳ бўладими?» деб сўрабди. У зот: «Унга дугонаси ёпинчиғидан бериб турсин, яхшиликда ва мусулмонларнинг дуоларида қатнашсинлар», дебдилар».
Умму Атийя келганида: «(Буни) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисан?» деб сўрадим. У бундай деди: «Отам фидо бўлсин, ҳа, – у у зотни «отам фидо бўлсин», демасдан эсламасди – мен у зотнинг «Бўйқизлар ва парданишинлар [ёки «парда ортидаги бўйқизлар»] ҳамда ҳайз кўрганлар яхшиликда, мусулмонларнинг дуоларида қатнашишсин, ҳайз кўрганлар намозгоҳдан четда туришсин», деганларини эшитганман». Ҳайз кўрганлар ҳам(қатнашади)ми?» дедим. Шунда у: «Ахир у (ҳайзли аёл) Арафот ва ҳоказо-ҳоказоларга қатнашмайдими?» деди».
* Бану Халафнинг қасри Басрада бўлган.
Изоҳ: Бу ҳадисда «парданишин» деб таржима қилинган сўз араб тилида «заватул худур» деб келган. Илгари вояга етган қизлар учун алоҳида хона қилиб беришга шароит бўлмагани учун уйнинг бир тарафи уларга парда ёки шунга ўхшаган нарса билан бўлиб берилган. Ўша тўсилган жой «хидр» деб аталган.
215/324 - عَنْ أُمُّ عَطِيَّةَ رَضِيَ الله عَنْهَا قَالَتْ: سَـمِعْتُ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «يَـخْرُجُ الْعَوَاتِقُ وَذَوَاتُ الْخُدُورِ، وَالْحُيَّضُ، وَلْيَشْهَدْنَ الْخَيْرَ وَدَعْوَةَ الْمُؤْمِنِينَ، وَيَعْتَزِلُ الْحُيَّضُ الْمُصَلَّى».قِيلَ لَهَا آلْحُيَّضُ؟ فَقَالَتْ: أَلَيْسَ تَشْهَدُ عَرَفَةَ، وَكَذَا وَكَذَا!