1333-ҳадис

1333.3219. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил менга (Қуръонни) бир ҳарфда ўқитди. Мен ундан зиёда қилишни сўрайвердим, ниҳоят, етти ҳарфга етди», дедилар».

Изоҳ: «Ҳарф» сўзи луғатда бирор нарсанинг олд тарафини, бир четини англатади. Шунингдек, унда бир тарафдан иккинчи тарафга бурилиш маъноси ҳам бор. Қироат илми истилоҳида «ҳарф» деб бирор калиманинг маълум бир шаклда ўқилишига айтилади. Мисол учун, «Ҳамза ибн Ҳабиб Зайёт ибн Абу Лайлодан айрим ҳарфларни олган», дейилса, баъзи калималарни маълум бир шаклда ўқишни ўргангани тушунилади. Шунингдек, «ҳарф» сўзи умумий бир услубда ўқишга ҳам ишлатилади. Масалан, «Алқама Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳарфида ўқирди», дейилса, «У Ибн Масъуднинг қироатида ўқирди», деб тушунилади.

Ҳадисда «етти ҳарф» деганда нима назарда тутилгани ҳақида уламолар турли фикрларни айтганлар. Айримлари: «Бу ерда етти ҳарфдан мурод ўша пайтдаги араб лаҳжалари» деса, бошқалари уни қироатдаги хилофлар етти туркумга бўлиниши билан изоҳлаган. Учинчилари: «Бу ерда маълум адад эмас, балки кўплик, яъни бир нечта деган маъно назарда тутилган», деб айтган. Бироқ буларнинг барчаси ижтиҳодий фикрлар бўлиб, бирортаси ҳақида на ҳадисларда ва на саҳобаларнинг сўзларида далил бор. Бунга сабаб шуки, етти ҳарфдан мурод нима экани у пайтда нафақат саҳобаларга, балки бошқа арабларга ҳам маълум бўлган. Шу боис, саҳобалар ҳам бу ҳақда баҳслашиб, тортишиб юрмаганлар, Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлганини эшитган араб мушриклари ҳам бу ҳақда эътироз билдиришмаган. Нима бўлганда ҳам, «ҳарф» деганда Қуръон калималарини ўқишдаги турлилик тушунилгани маълум ва машҳурдир.

Аммо бу ҳол Қуръоннинг ҳар бир сўзи бир неча хил ўқилади, дегани эмас. Балки бунда айрим сўзларни иккиуч хил ўқиш мумкинлиги назарда тутилади. Мисол учун, Фотиҳа сурасидаги «маалики» калимаси «малики» тарзида ҳам ўқилади. Шунингдек, айрим мад, идғом, иқлоб каби қоидаларда ҳам турлилик мавжуд бўлиб, баъзи мадлар бир неча миқдорда чўзилиши, бир қироатда идғом ё иқлоб бўлмайдиган ҳарфлар бошқасида идғом ёки иқлоб қилиниши, бир қироатда «алиф» ҳарфи «йа»га мойил қилиб, бошқасида эса оддий ўқилиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қироатдаги ушбу турлилик Қуръоннинг маъносига халал бермайди, балки унинг мазмунини ёритиб бериши, янада бойитиши мумкин. Мисол учун, «маалики» калимаси «эга» деган маънони англатса, «малики» шакли «подшоҳ» деган мазмунни билдиради. Тилшунос олимларнинг таъкидлашларича, «эга» бирор нарсага эгадорликни билдирса, «подшоҳлик» ўша ўзи эга бўлган нарсани тўла тасарруф этишини англатади. Бу икки маъно бирбирини тўлдириши натижасида мазкур оятнинг мазмуни «У Зот қиёмат кунининг эгаси ва унинг тасарруфини қилувчи подшоҳи» дегани бўлади. Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп.

1333/3219 – وَعَنْهُ رَضِيَ الله عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: أَقْرَأَنِي جِبْرِيلُ عَلَى حَرْفٍ، فَلَمْ أَزَلْ أَسْتَزِيدُهُ، حَتَّى انْتَهَى إِلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш