1334-ҳадис

1334.3230. Сафвон ибн Яъло отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда «Ва наадав йаа маалику» оятини қироат қилаётганларини эшитдим».

Суфён айтади: «Абдуллоҳнинг қироатида «Ва наадав йаа маали»дир».

Изоҳ: Бу ерда Зухруф сурасининг 77-оятига ишора қилинмоқда. Оятнинг маъно таржимаси қуйидагича: «Улар (дўзахийлар): «Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилишди. У: «Албатта, сиз туриб қолувчисиз», деди».

Ушбу оятдаги Молик дўзах хизматкорининг исмидир. Суфён Саврийнинг таъкидлашича, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу сўзни «йаа маали», яъни «Эй Моли!» тарзида ўқир экан. Бу араб тилидаги баён усулларидан бири – сўзни қисқартириб айтиш қоидасига кўра бўлиб, уни «тархим» дейилади. Бундан азобнинг қаттиқлигидан дўзахийларнинг «Молик» сўзини тўлиқ айтишга ҳам ҳоллари қолмаслиги тушунилади. Лекин бу шозз қироат ҳисобланади.

«Шозз» сўзи нодир, ёлғизланган деган маънони англатади. Қироат илми истилоҳида мутавотир даражасига етмаган ёки мусҳаф расмига тўғри келмайдиган қироат усуллари шозз деб аталади. Уларнинг шозз деб аталишига сабаб шуки, уларни нақл қилган қори бошқа қироат устозларидан айри ҳолда ривоят қилган бўлади. Шозз қироатлар мутавотирларнинг зидди ҳисобланади. Шозз қироатлардан тафсир учун фойдаланиш мумкин, аммо қироат қилишга ва намозда ўқишга ярамайди.

1334/3230 – عَنْ يَعْلَى رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: سَـمِعْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقْرَأُ عَلَى الْمِنْبَرِ.وَنَادَوْا۟ يَـٰمَـٰلِكُ لِيَقْضِ عَلَيْنَا رَبُّكَ. قَالَ سُفْيَانُ: فِي قِرَاءَةِ عَبْدِ اللهِ وَنَادَوْا يَا مَالِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш