1365.3305. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бану Исроилдан бир уммат йўқолиб қолган, уларга нима бўлганини билиб бўлмайди. Менимча, ўшалар сичқондан бошқаси эмас – унга туя сути қўйилса, ичмайди, қўйнинг сути қўйилса, ичади», дедилар.
Каъбга буни сўзлаб берган эдим, у: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ўзинг эшитганмисан?» деди. «Ҳа», дедим. У менга бир неча марта шундай деди. Охири мен: «Нима, мен Таврот ўқирмидим?!» дедим».
Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалига сичқонларнинг туя сутини ичмай, қўй сутини ичишини кўриб, Бану Исроилнинг ичидан дом-дараксиз йўқолиб кетган бир жамоани сичқонга айланиб қолган бўлса керак, деб ўйлаган эканлар. Чунки Бану Исроил ҳам туя сутини ҳаром деб ичмас, қўй-молнинг сутини эса ичар эди. Уламоларимиз бу ҳадисни турлича изоҳлаганлар. Кўпчилик уламолар бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари асосида қилган гумонлари бўлиб, кейин ваҳий бунинг нотўғрилигини билдирганда, бу фикрларидан қайтганларини таъкидлашади. Бу каби ҳолатлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларида, кам бўлса‑да, учраб туради. Бу ҳам бўлса, у зотнинг мўъжизаларидандир. Зеро, у зот ҳам бир инсон. Бирор нарсани тахмин ёки гумон қилишлари мумкин. Аммо ўша тахминни илоҳий таълимот тўғрилаб қўйиши чинакам мўъжизадир.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида дунёдаги маймун ва тўнғизлар Бану Исроилдан бўлган, кейин маймун ва тўнғизга айлантирилган осийлардан тарқалган, деган маънодаги гап айтилганида, у зот бунга раддия бериб: «Албатта, Аллоҳ масхда насл ҳам, давомчи ҳам қилмаган», деганлар. Масх – таниб бўлмайдиган қилиб ўзгартириш, инсонни ҳайвонга айлантириш дегани. Яъни Аллоҳ бирор қавмни қандайдир ҳайвонга айлантириб қўйган бўлса ҳам, улардан зурриёт қолдирмаган. Бошқа ривоятларда айтилишича, масх қилинган қавмлар уч кундан ортиқ яшамаган.
(«Умдатул‑қорий шарҳу Саҳиҳил‑Бухорий». Бадриддин Айний. «Фатҳул‑Борий шарҳу Саҳиҳил‑Бухорий». Ибн Ҳажар Асқалоний. Дарул‑маърифа. Байрут, 1959)
1365/3305 – وَعَنْهُ رَضِيَ الله عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: فُقِدَتْ أُمَّةٌ مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ لَا يُدْرَى مَا فَعَلَتْ، وَإِنِّي لَا أُرَاهَا إِلَّا الْفَارَ، إِذَا وُضِعَ لَهَا أَلْبَانُ الْإِبِلِ لَمْ تَشْرَبْ، وَإِذَا وُضِعَ لَهَا أَلْبَانُ الشَّاءِ شَرِبَتْ. فَحَدَّثْتُ كَعْبًا، فَقَالَ: أَنْتَ سَـمِعْتَ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُهُ؟ قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ لِي مِرَارًا، فَقُلْتُ: أَفَأَقْرَأُ التَّوْرَاةَ؟