1370-ҳадис

1370.3330. Бизга Бишр ибн Муҳаммад сўзлаб берди:

«Бизга Абдуллоҳ хабар қилди: «Бизга Маъмар Ҳаммамдан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шунга ўхшаш ривоятни, яъни «Бану Исроил бўлмаганида, гўшт айнимас эди, Ҳавво бўлмаганида, аёл эрига хиёнат қилмас эди»ни хабар қилган.

 

Изоҳ: Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисдаги «шунга ўхшаш ривоятни» деган жумлада нимани назарда тутгани ҳақида уламолар турли тахминлар айтишган. Бадриддин Айнийнинг айтишича, имом Бухорий бу ҳадисдан аввал бошқа санад билан шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган. Унда Муҳаммад ибн Рофиъдан, у Абдурраззоқдан, у Маъмардан ривоят қилган. Кейин у Маъмардан Абдуллоҳ ибн Муборак орқали қилинган юқоридаги ривоятни келтирган ва «шунга ўхшаш ривоятни», деб, ўша Муҳаммад ибн Рофиъдан қилинган ривоятга ишора қилган. Бу билан Имом Бухорий ўзи ривоят қилаётган ҳадис билан шайхи қилган ривоят мазмунан бир бўлса‑да, айрим сўзларда фарқ борлигини айтмоқчи бўлган. Чунки Муҳаммад ибн Рофиънинг ривоятида «лам йахназ» («айнимас») ўрнига «лам йахбас» («бузилмас») дейилган ва ҳадиснинг охирида «ад‑даҳро» («умрбод») сўзи қўшимча қилинган.

Ҳадисда келган маънога ҳам бир оз изоҳ берсак. Бану Исроил ўзининг осийлиги туфайли қирқ йил дашту саҳрода саргардон бўлиб юрган. Ўша аснода улар Мусо алайҳиссаломдан «Дуо қил, Аллоҳ осмондан таом тушириб берсин», деб талаб қилишган. Шунда Аллоҳ таоло осмондан бедана туширган ҳамда уларга ҳар кунлик ризқлари берилишини ваъда қилган ва ҳеч ким овқатни сақламаслигини амр қилган. Аммо Бану Исроил одатдагидек, осийлик қилган ва гўштни эртанги кун учун ғамлаб қўйган. Шунда Аллоҳ таоло уларга иқоб ўлароқ гўштни айнийдиган қилиб қўйган. Бундан аввал гўштда айниш хусусияти бўлмаган. Ҳадисда ана шу ҳодисага ишора қилинмоқда.

Ҳавво онамиз Одам алайҳиссаломни ман қилинган дарахтдан ейишга қизиқтирганлар. Бу ҳадисда Ҳавво онамизнинг Одам алайҳиссаломни гуноҳга бошлаганлари у кишига нисбатан хиёнат деб баҳоланмоқда.

1370/3330 – وَعَنْهُ رَضِيَ الله عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَوْلَا بَنُو إِسْرَائِيلَ لَمْ يَخْنَزِ اللَّحْمُ، وَلَوْلَا حَوَّاءُ لَمْ تَخُنْ أُنْثَى زَوْجَهَا.

Улашиш
|
|
Нусха олиш