1375-ҳадис

1375.3349. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Албатта, сизлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда тўпланасизлар. – Сўнгра «Халойиқни (яратишни) аввал қандай бошлаган бўлсак, уни худди шундай қайтарамиз. (Бу) зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, Биз буни қилувчидирмиз»ни ўқидилар. – Қиёмат куни биринчи бўлиб кийинтириладиган киши Иброҳимдир. Асҳобларимдан маълум одамлар бўлиб, улар чап тарафга олинади. Мен эса: «Асҳобларим! Асҳобларим!» дейман. Шунда: «Уларни ташлаб кетганингдан бери улар ортларига қайтиб кетаверганлар», дейди.* Шунда мен солиҳ банданинг* айтганини айтаман: «Мен уларнинг ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан. Агар уларни азобласанг, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта, Сен Ўзинг ўта азизсан, ўта ҳакимсан».

Изоҳ: «Асҳоб» сўзи аслида суҳбатдош, ҳамроҳ деган маънони билдиради. Луғат жиҳатидан бу сўз бир марта суҳбатлашган кишига нисбатан ҳам қўлланилади. Шунингдек, у эргашувчига нисбатан ҳам ишлатилади. Бу ерда мана шу луғавий маъно қўлланилган. Урфга ва илмий истилоҳга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ёки саҳобалари деганда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамсуҳбат бўлиш шарафига муяссар бўлган ва иймонда вафот этган кишилар назарда тутилади.

Бу ерда чап тарафга олиб ўтилган асҳоблар кимлар экани ҳақида уламолар бир неча фикрлар айтганлар. Бу ҳақдаги бошқа ҳадис ва асарлардан хулоса қилиб айтганда, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида зоҳирда мусулмон бўлиб, аслида мунофиқ бўлган кишилар, шунингдек, у зотнинг ҳаётларининг охирги даврларида мол-дунё илинжида ёки бошқа бир моддий манфаатлар учун иймон келтириб, иймон қалбига ўрнашмагани учун у зотнинг вафотларидан кейин диндан қайтган, Исломнинг айрим арконларини инкор қилган муртадлардир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айнан ўша муртадларга қарши жанг қилганлар. Айрим шориҳларнинг таъкидлашича, бу ерда хаворижлар каби адашган тоифалар кўзда тутилган бўлиши ҳам мумкин.

Нима бўлганда ҳам, ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини, тарбияларини олган саҳобалар назарда тутилмагани аниқ, бунга барча аҳли сунна уламолари иттифоқ қилишган. Чунки кўплаб оят ва ҳадисларда саҳобаларнинг иймон-исломлари, амаллари мақталган, аввалги самовий китобларда ҳам мадҳ этилганлари айтилган, Аллоҳ ва Унинг Расули улардан рози бўлгани қайта-қайта таъкидланган, уларнинг кўпларига жаннат башорати берилган ва ҳоказо. Уларнинг сийратларининг тозалигига тарих гувоҳ, мусулмонлар уларнинг тўғри йўлда бўлганларини асрлар оша бир овоздан таъкидлаб келганлар. Асҳоби киром – мусулмон умматининг энг афзал кишиларидир, инсониятнинг энг сара авлодидир. Бу ҳадисда мусулмонларни, хусусан, саҳобаларни ҳушёр бўлишга, иймонда собит бўлишга тарғиб қилиш ҳам бор.

* Бу гап кимга тегишли экани бу ерда аниқ айтилмаган. Ҳар қалай, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига жавобан айтилади. Бошқа ривоятларда мажҳул сийғада, яъни «дейилади» деб келган.

* Бу ерда «солиҳ банда» деганда Ийсо алайҳиссалом назарда тутилган. У кишининг ушбу гаплари Қуръони Каримда Моида сурасининг 117-118-оятларида келган.

1375/3349 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّكُمْ مَحْشُورُونَ حُفَاةً عُرَاةً غُرْلًا، ثُمَّ قَرَأَ: يَوْمَ نَطْوِى ٱلسَّمَآءَ كَطَىِّ ٱلسِّجِلِّ لِلْكُتُبِ ۚ كَمَا بَدَأْنَآ أَوَّلَ خَلْقٍۢ نُّعِيدُهُۥ ۚ وَعْدًا عَلَيْنَآ ۚ إِنَّا كُنَّا فَـٰعِلِينَ، [الأنبياء: 104]. وَأَوَّلُ مَنْ يُكْسَى يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِبْرَاهِيمُ، وَإِنَّ أُنَاسًا مِنْ أَصْحَابِي يُؤْخَذُ بِهِمْ ذَاتَ الشِّمَالِ، فَأَقُولُ: أَصْحَابِي أَصْحَابِي، فَيُقَالُ: إِنَّهُمْ لَمْ يَزَالُوا مُرْتَدِّينَ عَلَى أَعْقَابِهِمْ مُنْذُ فَارَقْتَهُمْ، فَأَقُولُ كَمَا قَالَ الْعَبْدُ الصَّالِحُ: مَا قُلْتُ لَهُمْ إِلَّا مَآ أَمَرْتَنِى بِهِۦٓ أَنِ ٱعْبُدُوا۟ ٱللَّهَ رَبِّى وَرَبَّكُمْ ۚ وَكُنتُ عَلَيْهِمْ شَهِيدًۭا مَّا دُمْتُ فِيهِمْ ۖ فَلَمَّا تَوَفَّيْتَنِى كُنتَ أَنتَ ٱلرَّقِيبَ عَلَيْهِمْ ۚ وَأَنتَ عَلَىٰ كُلِّ شَىْءٍۢ شَهِيدٌ إِلَى قَوْلِهِ ﮋﯺﮊ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш