1381.3358. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Иброҳим алайҳиссалом уч мартагина ёлғон гап айтган. Иккитаси Аллоҳ азза ва жалла учун «Албатта, мен беморман», дегани ҳамда «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», дегани.
(Учинчиси шуки) Бир куни у Сора билан бирга эди. Зўравонлардан бирининг олдидан ўтди. Унга (зўравонга): «Мана бу ерда бир киши бор. Ёнида одамзоднинг энг гўзалларидан бўлган бир аёл бор», дейилган эди, унга (Иброҳимга) одам юборди. Ундан аёл ҳақида сўраб, «Ким бу?» деди. «Синглим», деди у. Кейин Соранинг олдига келиб: «Эй Сора! Ер юзида мен билан сендан бошқа мўмин йўқ. Анави мендан сўраган эди, унга сени синглим, дедим. Мени ёлғончи қилиб қўйма», деди. У (зўравон) унга (Сорага) одам юборди. (Сора) унинг олдига кирган пайт (Соранинг) қўлини ушламоқчи бўлган эди, тутиб қўйилди. Шунда у: «Ҳаққимга Аллоҳга дуо қил, сенга зарар етказмайман», деди. У Аллоҳга дуо қилган эди, қўйиб юборилди. Кейин иккинчи марта ушламоқчи бўлган эди, аввалгидек ёки ундан ҳам қаттиқ тутиб қўйилди. Шунда у: «Ҳаққимга Аллоҳга дуо қил, сенга зарар етказмайман», деди. У дуо қилган эди, қўйиб юборилди. У ҳожибларидан бирини чақириб: «Сизлар менга инсон келтирмабсиз, бир шайтон келтирибсиз!» деди. Унга (Сорага) Ҳожарни хизматкор қилиб берди. У унинг (Иброҳимнинг) олдига келди. У намоз ўқиётган эди, қўли билан «Нима бўлди?» дея ишора қилди. У: «Аллоҳ кофирнинг [ёки фожирнинг] макрини бўғзига қайтарди ва Ҳожарни хизматкор қилиб берди», деди. Ана шу аёл сизларнинг онангиздир, эй осмон сувининг болалари!»*
* «Осмон сувининг болалари» деганда араблар назарда тутилган. Чунки осмондан ёғадиган ёмғир суви уларнинг ҳаётида ғоятда муҳим ўрин тутади.
Изоҳ: Иброҳим алайҳиссалом завжалари Сорани «синглим» деб таништирганида, «диндаги синглим» деган маънони назарда тутган. «У киши нега ўз аёлини сингил деб таништирди?» деган саволга уламолар турли хил жавоблар топишган. Жумладан, Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ бу савол ўзини кўпдан буён қийнаб юришини, унга қуйидаги жавобни топгачгина кўнгли таскин топганини айтади: «Мазкур золим подшоҳ эътиқод қилган динда турмушга чиқадиган аёл учун эр бўлишга энг ҳақли киши унинг акаси бўлган, акаси истамасагина, унга бошқа одам уйланган. Иброҳим алайҳиссалом Сорани «синглим» деб таништириш билан золим подшоҳни ўз динига амал қилар, деган умидда аёлини ўзида олиб қолишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, агар «хотиним», деб айтса, подшоҳ Сорага етишиш учун Иброҳим алайҳиссаломни ўлдириши ҳам мумкин эди. Буюк пайғамбар ҳам аёлини, ҳам ўзини ҳимоя қилиш учун мазкур тадбирни қўллаган.
1381/3358 – وَعَنْهُ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: قَالَ:رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: لَمْ يَكْذِبْ إِبْرَاهِيمُ عليه السلام إِلَّا ثَلَاثَ كَذَبَاتٍ: ثِنْتَيْنِ مِنْهُنَّ فِي ذَاتِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، قَوْلُهُ: ﮋﮓ ﮔ ﮊ ، وَقَوْلُهُ: ﮋﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮊ ، وَقَالَ: بَيْنَا هُوَ ذَاتَ يَوْمٍ وَسَارَةُ، إِذْ أَتَى عَلَى جَبَّارٍ مِنَ الْجَبَابِرَةِ، فَقِيلَ لَهُ: إِنَّ هَا هُنَا رَجُلًا مَعَهُ امْرَأَةٌ مِنْ أَحْسَنِ النَّاسِ، فَأَرْسَلَ إِلَيْهِ فَسَأَلَهُ عَنْهَا، فَقَالَ: مَنْ هَذِهِ؟ قَالَ: أُخْتِي، فَأَتَى سَارَةَ، وَذَكَرَ بَاقِي الـحَدِيثِ.