1416.3470. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бану Исроил ичида тўқсон тўққизта одамни ўлдирган бир киши бор эди. Кейин у (шу ҳақда) сўраш учун йўлга чиқди ва бир роҳибнинг олдига келиб, ундан: «Бирор тавба (қилиш имкони) борми?» деб сўради. У: «Йўқ», деди. Шунда у буни ҳам ўлдирди-да, яна сўрашга тушди. Бир киши унга: «Фалон қишлоққа бор», деди. Унга ўлим етганида кўкси билан ўша (қишлоқ) томонга талпинди. Кейин раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари унинг хусусида талашиб қолишди. Шунда Аллоҳ (қишлоқларнинг) анависига «Яқинлаш», деб ваҳий қилди, манависига эса «Узоқлаш», деб ваҳий қилди ҳамда: «Улар орасидаги масофани ўлчанглар», деди. Шунда у анависига бир қарич яқинроқ топилди ва мағфират қилинди».
Изоҳ: Бу ҳадисдан «Одам нима гуноҳ қилса ҳам бўлаверар экан, ўнлаб бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиб, охирида бир тавба қилса, ҳаммаси жойига тушиб кетар экан», деган хаёлга бормаслик керак. Чунки бу ҳадисда айтилган киши, бошқа ривоятларда таъкидланишича, илм-маърифатдан умуман йироқ, жаҳолат ботқоғига ботган бузуқ жамиятда туғилиб‑ўсган бўлади. У азбаройи жоҳиллигидан ўша қотилликларини тўғри иш деб ҳисоблаб юради. У яшаётган муҳит уни шундай ўйлашга олиб келган эди. Аммо у бир куни қалби очилиб, қилган ишлари хато эканини тушуниб етади ва дарҳол тавба қилиб, гуноҳларини ювиш пайига тушади. Аммо у бу ишини охирига етказа олмай қолади. Аллоҳ эса унга қалбидаги мақсад ва ниятига яраша тасарруф қилади. Бу ҳадисдан Аллоҳнинг фазлу марҳамати чексиз экани, истаса, бир умр гуноҳ қилиб юрган киши астойдил тавба қилса, унинг барча гуноҳларини мағфират қилиши мумкинлиги тушунилади. Бу ҳадис банда доимо Аллоҳдан ражо қилиши, яъни яхши умидда бўлиши кераклигини уқтиради.
1416/3470 - عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّصلى الله عليه وسلم قَالَ: كَانَ فِي بَنِي إِسْرَائِيلَ رَجُلٌ قَتَلَ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ إِنْسَانًا، ثُمَّ خَرَجَ يَسْأَلُ، فَأَتَى رَاهِبًا فَسَأَلَهُ فَقَالَ لَهُ: هَلْ مِنْ تَوْبَةٍ؟ قَالَ: لَا، فَقَتَلَهُ، فَجَعَلَ يَسْأَلُ، فَقَالَ لَهُ رَجُلٌ: ائْتِ قَرْيَةَ كَذَا وَكَذَا، فَأَدْرَكَهُ الْمَوْتُ، فَنَاءَ بِصَدْرِهِ نَحْوَهَا، فَاخْتَصَمَتْ فِيهِ مَلَائِكَةُ الرَّحْمَةِ وَمَلَائِكَةُ الْعَذَابِ، فَأَوْحَى اللهُ إِلَى هَذِهِ أَنْ تَقَرَّبِي، وَأَوْحَى اللهُ إِلَى هَذِهِ أَنْ تَبَاعَدِي، وَقَالَ: قِيسُوا مَا بَيْنَهُمَا، فَوُجِدَ إِلَى هَذِهِ أَقْرَبُ بِشِبْرٍ، فَغُفِرَ لَهُ.