1417.3472. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бир киши бировнинг кўчмас мулкини сотиб олди. Кўчмас мулкни сотиб олган киши шу мулкида бир хум тилла топиб олди. Шунда кўчмас мулкни сотиб олган киши унга (сотганга): «Тиллангни ол, мен сендан ер сотиб олганман, тилла сотиб олмаганман», деди. Ернинг эгаси бўлган киши эса: «Мен сенга ер ва ундаги бор нарсани сотганман», деди. Кейин икковлари бир кишининг олдига ҳукм чиқариб беришини сўраб боришди. Шунда улар ҳукм чиқаришини сўраб борган киши: «Болангиз борми?» деди. Бири: «Менинг бир ўғлим бор», деди. Иккинчиси эса: «Менинг бир қизим бор», деди. У: «Ўғилга қизни никоҳлаб беринглар, ундан (тилладан) уларнинг ўзига сарфланглар ва садақа қилинглар», деди».
Изоҳ: Ҳадиснинг зоҳиридан кўриниб турибдики, илгари ҳовлида хазина кўмилганлиги сотувчига ҳам, олувчига ҳам маълум бўлмаган. Агар хазина сотувчига тегишли бўлганида, у ҳовлини сотишдан олдин хазинани чиқариб олган бўлар эди. Шу билан бирга хазина сотувчининг ота-боболари ёки улардан олдин шу жойда яшаган кишиларга тегишли бўлгани эҳтимоли ҳам бор. Аммо бунга қатъий ҳужжат йўқ. Ҳанафий фиқҳи манбаларида кўчмас мулк агар ҳовли бўлса, унинг савдосига бино, калитлар, болохона ва таҳоратхона ҳамда деворлар ҳам киради. Агар «ҳовлини унга тегишли барча ҳақлар билан ёки ундаги каттаю кичик нарсалар билан сотдим» деса, ундаги қолган барча нарсалар ҳам киради.
Ҳадисда зикр қилинган топилма шариатда дафина деб номланиб, инсон томонидан ер остига кўмилган нарсага айтилади. Бунинг ҳукми жуда чуқур ва тафсилотли бўлиб, уларни ўрганиш учун фиқҳ китобларига мурожаат қилиш лозим. Ҳадисда эса мазкур воқеада ҳар икки тараф тақво юзасидан бир-бирининг ҳаққини еб қўйишдан тийилиб, тарафларнинг ўзаро манфаатларини тенг таъминлашга эришилгани баён қилинган.
1417/3472 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: اشْتَرَى رَجُلٌ مِنْ رَجُلٍ عَقَارًا لَهُ، فَوَجَدَ الرَّجُلُ الَّذِي اشْتَرَى الْعَقَارَ فِي عَقَارِهِ جَرَّةً فِيهَا ذَهَبٌ، فَقَالَ لَهُ الَّذِي اشْتَرَى الْعَقَارَ: خُذْ ذَهَبَكَ مِنِّي، إِنَّمَا اشْتَرَيْتُ مِنْكَ الْأَرْضَ، وَلَمْ أَبْتَعْ مِنْكَ الذَّهَبَ. وَقَالَ الَّذِي لَهُ الْأَرْضُ: إِنَّمَا بِعْتُكَ الْأَرْضَ وَمَا فِيهَا، فَتَحَاكَمَا إِلَى رَجُلٍ، فَقَالَ الَّذِي تَحَاكَمَا إِلَيْهِ: أَلَكُمَا وَلَدٌ؟ قَالَ أَحَدُهُمَا: لِي غُلَامٌ، وَقَالَ الْآخَرُ: لِي جَارِيَةٌ، قَالَ: أَنْكِحُوا الْغُلَامَ الْجَارِيَةَ، وَأَنْفِقُوا عَلَى أَنْفُسِهِمَا مِنْهُ وَتَصَدَّقَا.