1456-ҳадис

1456.3558. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини пешонага тушириб юрардилар. Мушриклар эса бошларининг ўртасидан фарқ очиб юришарди. Аҳли китоблар ҳам сочларини пешонага тушириб юришарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳеч нимага буюрилмаган нарсаларда аҳли китобларга мувофиқ иш тутишни яхши кўрардилар. Кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларининг ўртасидан фарқ очадиган бўлдилар».

Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган жамиятда ғайримусулмонлар асосан ё аҳли китоб, ё бутпараст бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукми нозил бўлмаган айрим ишларда аҳли китобларга мувофиқ бўлишни ёқтиришлари уларнинг самовий дин вакиллари бўлгани, динларини ўзгартириб юборган бўлишса‑да, уларда ўтган пайғамбарларнинг асарлари ҳам борлиги эътиборидан бўлган. Чунки улар бутпараст мушриклардан кўра ҳаққа яқинроқ бўлишган. Кейинроқ араб мушриклари ҳам Исломни қабул қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларга ҳам ўхшамасликни буюрганлар. Шунинг учун ҳадиснинг охирида аҳли китобларга хилоф ўлароқ, сочларидан фарқ очганлари айтилмоқда. Бундан мусулмон киши кўринишда ҳам бошқалардан ажралиб туришга ҳаракат қилиши матлублиги тушунилади.

 1456/3558 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِصلى الله عليه وسلم كَانَ يَسْدِلُ شَعَرَهُ، وَكَانَ الْمُشْرِكُونَ يَفْرُقُونَ رُءُوسَهُمْ، فَكَانَ أَهْلُ الْكِتَابِ يَسْدِلُونَ رُءُوسَهُمْ، وَكَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يُحِبُّ مُوَافَقَةَ أَهْلِ الْكِتَابِ فِيمَا لَمْ يُؤْمَرْ فِيهِ بِشَيْءٍ، ثُمَّ فَرَقَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم رَأْسَهُ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш