1527-ҳадис

1527.3803. Аъмашдан ривоят қилинади:

«Абу Суфён Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Саъд ибн Муъознинг ўлими сабабли Арш тебранди», деяётганларини эшитдим».

Абу Солиҳ бизга Жобир розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шунга ўхшаш гапларини ривоят қилиб, кейин бундай сўзлаб берди:

«Шунда бир киши Жобирга: «Баро: «Тобут тебранди», деяпти-ку?» деган эди, у: «Гап шундаки, бу икки қабила ўртасида кек-адоват бор эди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Саъд ибн Муъознинг ўлими сабабли Роҳманнинг Арши тебранди», деяётганларини эшитганман», деди».

Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур ҳадисларини илк бор эшитган Баро ибн Озиб, Ибн Умар розияллоҳу анҳум каби айрим саҳобаи киромлар уни таъвил қилишга ҳаракат қилганлар. Жумладан, Баро розияллоҳу анҳу: «Арш тебранди» дегани «Аллоҳнинг Арши тебранди» дегани эмас, балки «Саъднинг тобути тебранди» дегани», деб изоҳлаган. Чунки «арш» аслида «тахт» дегани бўлиб, уни «тобут» маъносида тушуниш ҳам мумкин бўлган. Улар Аллоҳнинг Арши бир кишининг ўлими сабабли тебранмайди, балки буни бошқачароқ тушуниш керак, деган фикрда бўлганлар. Мазкур ҳадиснинг ровийларидан бири Жобир розияллоҳу анҳу буни эшитиб, айнан Аллоҳнинг Арши назарда тутилганини ҳадиснинг тўлиқ шаклини айтиш билан таъкидламоқда.

Бу ердаги Аршнинг тебранишини асосан икки хил тушуниш мумкин: 1. Аллоҳнинг Арши қандай экани, унинг кайфияти ва ҳақиқати У Зотнинг ёлғиз Ўзигагина маълум, жумладан, унинг тебраниши қандай бўлиши ҳам. Бошқа ҳадисларда бу тебраниш шодлик аломати бўлгани айтилади. Бу билан Аллоҳ Ўзининг ҳузурида мўмин банданинг мартабаси қанчалар юксаклигини изҳор қилади; 2. Бу мажозий гап бўлиб, бир нарсани бўрттириб тушунтириш маъносида айтилган. Бу худди «Елкамдан тоғ ағдарилди», «Дунё кўзимга қоронғи бўлди» деган ибораларга ўхшайди.

* Одатда Абу Суфён Талҳа ибн Нофеъдан ҳадис ривоят қилганда Имом Бухорий албатта бошқа бир санад билан уни қувватлаб қўяди. Шу боис, бу ерда Аъмашнинг Абу Солиҳдан қилган ривоятини ҳам келтирмоқда. Биз муаллифнинг ушбу услубини таржимада ҳам кўрсатишга ҳаракат қилдик.

1527/3803 - عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ الله عَنْهُ سَمِعْتُ النَّبِيَّ  صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: اهْتَزَّ الْعَرْشُ لِمَوْتِ سَعْدِ بْنِ مُعَاذٍ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш