1537-ҳадис

1537.3826. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келишидан аввал у зот Балдаҳнинг* қуйироғида Зайд ибн Амр ибн Нуфайлни учратиб қолдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир дастурхон келтирилди. У зот ундан ейишдан бош тортдилар. Кейин Зайд ҳам: «Мен бутларингизга сўйган нарсаларингиздан емайман. Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинганидан бошқасини емайман», деди.

Зайд ибн Амр Қурайшни (бутларга атаб сўйган) жонлиқлари борасида айблар, буни инкор қилиб, У Зотни улуғлаб: «Қўйни Аллоҳ яратган, унга осмондан сув туширган, ердан (ўт-ўлан) ўстириб қўйган. Сизлар бўлса уни Аллоҳдан бошқанинг исми билан сўясиз!» дер эди».

* Зайд ибн Амр ибн Нуфайл – машҳур саҳобий Саъд розияллоҳу анҳунинг отаси, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амакиваччаси. У фитрати бузилмаган, тавҳидни истаган одам бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келишидан беш-олти йил олдин вафот этиб кетган. У тарихий нодир шахслардан бўлгани боис, ҳадис китобларида унинг маноқиблари зикр қилинади. Ибн Абу Шайба ривоят қилган ҳадисда қиёмат куни унинг ўзи бир уммат ўлароқ тирилтирилиши айтилган.

* Балдаҳ – Масжидул Ҳаром яқинидаги, Танъим томон юрганда келадиган сувсиз водий. Бу жой илгари Макка шаҳридан ташқарида бўлган, ҳозир эса шаҳар ҳудудига киради.

1537/3826 - عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم لَقِيَ زَيْدَ بْنَ عَمْرِو بْنِ نُفَيْلٍ بِأَسْفَلِ بَلْدَحَ قَبْلَ أَنْ يَنْزِلَ عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم الْوَحْيُ، فَقُدِّمَتْ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم سُفْرَةٌ، فَأَبَى أَنْ يَأْكُلَ مِنْهَا، ثُمَّ قَالَ زَيْدٌ: إِنِّي لَسْتُ آكُلُ مِمَّا تَذْبَحُونَ عَلَى أَنْصَابِكُمْ، وَلَا آكُلُ إِلَّا مَا ذُكِرَ اسْمُ اللهِ عَلَيْهِ. وَأَنَّ زَيْدَ بْنَ عَمْرٍو كَانَ يَعِيبُ عَلَى قُرَيْشٍ ذَبَائِحَهُمْ وَيَقُولُ: الشَّاةُ خَلَقَهَا اللهُ، وَأَنْزَلَ لَهَا مِنَ السَّمَاءِ الْمَاءَ، وَأَنْبَتَ لَهَا مِنَ الْأَرْضِ، ثُمَّ تَذْبَحُونَهَا عَلَى غَيْرِ اسْمِ اللهِ، إِنْكَارًا لِذَلِكَ وَإِعْظَامًا لَهُ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш